Ўзбекистон | 18:50 / 05.04.2019
8414
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз» қиш мавсумидаги ис газидан заҳарланиш ҳолатларига муносабат билдирди

5 апрель куни «Ўзтрансгаз» АЖ бошқаруви вакиллари билан ўтган матбуот анжуманида 2018 – 2019 йил қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларга тўхталиб ўтилди.

«Биз ҳам шу юртнинг фарзандимиз. Бундай кўнгилсиз хабарларни эшитганимизда дилимиз оғрийди. Йўқотилган ҳар бир ҳаёт тўғрисида ўйлар эканмиз, уларнинг хонадонида газ билан иситиш ускуналарининг ўрнатилиши, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш тўғрисида ходимларимиз уларни огоҳлантирганми-йўқми деган фикрлар ўтади.

«Ўзтрансгаз» АЖ тизимдаги нуқсонларни бартараф этиш, йўқотишлар миқдорини кескин камайтириш, замонавий газ жиҳозлари ва энергияни тежайдиган технологияларни татбиқ этяпти.

Жумладан, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда газ тақсимоти тизимини 3 босқичли тизимдан (юқори, ўрта, паст) 2 босқичли (юқори, паст) тизимга ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Дастлабки тажриба лойиҳаси Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Усмон Юсупов маҳалласида амалга оширилди. Бунда аҳоли хонадонларидаги 189та газ таъминоти тизими 2 босқичга ўтказилди, хонадонларнинг кириш қисмига махсус темир қутиларда босим созлагичлар (регулятор), газ сарфини онлайн «ITRON» дастури орқали кузатиб бориш мақсадида туман газ диспетчерлик маркази хизматида махсус монитор ўрнатилди.

Энг аҳамиятлиси, газ сизиб чиқиши ва ис газини аниқловчи 189 дона сигнализаторлар ўрнатилди. Бу тажриба-синов лойиҳалари яқин йилларда бутун Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилади», дея ташкилот бошқарма бошлиғи Акмал Эшонқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этиш керакки, ОАВда республиканинг турли ҳудудларида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича тез-тез хабарлар берилади, ўтган йилнинг кузида ва қишда ўнлаб кишилар ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этди.

Мавзуга оид