Жаҳон | 23:46 / 08.04.2019
13730
2 дақиқада ўқилади

Руминиянинг собиқ президенти инсониятга қарши жиноятларда айбланди

Руминиянинг собиқ президенти Ион Илиеску 1989 йилдаги инқилоб вақтида инсониятга қарши жиноятлар содир этишда расман айбланди. 

Руминияда 1989 йил декабрда Николае Чаушеску диктатураси ағдарилишидан кейинги бир неча кун давомида юзлаб фуқаролар ва ҳарбийларнинг ўлими сабаби ва тафсилотлари тергови ўз якунига етди. 

Прокурорлар Илиескуни 1989 йил декабрда ҳокимият ва сиёсий легитимлик олиш мақсадида гуруҳ тузишда айблашган.  

Прокурорларнинг таъкидлашича, гуруҳ Руминиянинг ўша вақтдаги раҳбари Николае Чаушеску 1989 йил 22 декабрда пойтахтни тарк этгандан кейин баёнотлар ва телевидение орқали ёлғон ахборот тарқатишда иштирок этган. Бу эса тартибсиз отишмалар, қуролли тўқнашувлар ва аҳолининг оммавий психозига ҳамда Чаушеску тузуми ағдарилгандан кейин 862 кишининг ўлимига, 2150 кишининг яраланишига олиб келган.

Тергов версиясига кўра, ўшанда қўшинлар томонидан 13 млнта ўқ қўлланган. Чаушескуга айб қўйилиши ва унинг рафиқаси билан бирга тезликда қатл этилиши ҳам ушбу схеманинг бир қисми бўлган.

Ҳозирча Илиескунинг суди санаси белгиланганман. 

89 ёшли Илиеску диктатор Николае Чаушескуга қарши исён кўтарилишидан кейин танилган. Бироқ ҳокимиятнинг ўтиши вақтида юзлаб одамлар ҳалок бўлган.

Илиеску 1990 йил февралда муваққат парламент томонидан президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб тасдиқланган ва 1990-1996 ҳамда 2000-2004 йиллар давомида Руминия президенти лавозимини эгаллаган. 

Илиескуга мамлакатда ва хорижда қарши чиқувчилар уни ва Руминиянинг етакчи сиёсатчиларини ислоҳотларга тўсқинлик қилишда ва коммунистик партиядан қолган сиёсий меросни ҳимоялашда айблаб келишади.  

Илиескунинг ўзи айбдор эмаслигини таъкидлаб келади. 

Мавзуга оид