Жамият | 20:21 / 08.04.2019
7171
2 дақиқада ўқилади

Тоғли ҳудудларни тозалашга доир кўнгиллилар экоҳаракатга чорланмоқда

13-14 апрель кунлари истаган инсон катта экоҳаракатнинг бир қисмига айланиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда shiPOWnik ҳамжамияти томонидан илгари сурилган бутун мамлакат бўйлаб тоғли ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш ва ҳудудлар экологиясини сақлаб қолиш ғояси фаоллар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 

Биринчи акция 7 апрель куни Чимён ҳудудидаги канат йўли яқинида ўтказилди. Бир неча фаоллар ҳудудни тозалаш ишларига киришишди, бироқ чиқиндилар кўлами ҳаддан зиёд катталиги учун қўшимча тозалаш ишларини ўтказишга келишилди. 

"Чиқинди шу қадар кўпки, биз кичик гуруҳимиз билан бутун чиқиндиларнинг атиги 1 фоизини ҳам тозалай олмадик. Дўстлар, тоғли ҳудудларни тозалашга оид хабар билан имкон қадар бўлишсангиз ва 13-14 апрель кунлари шанбаликка қўшилсангиз, барчамиз бирга кучмиз!" - дейилади t.me/shiPOWnik_uz саҳифасида. 

Ғоя ва таклифларни +998 903 707 009 рақами орқали йўллаш мумкин.

Экоҳаракатга истаган одам қўшилиши мумкин, ташкилотчилар эса, ўз навбатида, транспорт билан таъминлашга ҳаракат қилишади. 

Бироқ кенг кўламли ҳудудни тозалаш учун экоҳаракатчилар қўллаб-қувватлашга муҳтож. Шу боис улар экологияни асраш йўлида тижорат компаниялари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва манфаатдор шахсларнинг кўмагига умид қилишмоқда. 

Мавзуга оид