Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари Тошкентда энергетик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент шаҳрида Энергетика сектори Мувофиқлаштириш қўмитасининг (ЭСМҚ) Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (МОМИҲД) бўйича 29-йиғилиши бўлиб ўтди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.
Делегатларни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти директори Ашок Бхаргава қарши олди.
Йиғилиш доирасида МОМИҲД мамлакатларида давлат корхоналарини қайта ислоҳ қилиш масалалари, МОМИҲД энергетика секторининг ўрта муддатли стратегияси, минтақавий савдо-инвестицион лойиҳаларга бағишланган сессиялар бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги ислоҳотлар стратегияси, МОМИҲД доирасида энерготизимдаги инвестицион лойиҳалар ривожига доир маърузаларни тинглашди, мазкур соҳада давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги схемаларини татбиқ этиш вариантларини муҳокама қилишди.
МОМИҲД мамлакатларида қуёш энергиясини ўзлаштириш имкониятларига алоҳида сессия бағишланди. Тадбирда Қуёш энергияси халқаро институти вакили қайта тикланувчи энергетика ривожига оид тақдимоти билан иштирок этди. Шунингдек, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон делегатлари қайта тикланувчи энергия манбаларига доир лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тажрибалари билан бўлишишди.
Яна бир сессия мавзуси Марказий Осиё мамлакатларида микро-ГЭСларни ривожлантиришга қаратилди. Унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари микро-ГЭСларга оид лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз юритишди.
Бундан ташқари, делегатлар 2019 йил учун МОМИҲД Энергетика сектори мувофиқлаштириш қўмитасининг иш режасини муҳокама қилишди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон вакиллари томонидан 15-17 майда Тошкентда ўтказиладиган “Энергетика, энергия тежаш ва муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2019” халқаро кўргазмасига таклиф қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бугунга келиб МОМИҲДда минтақанинг 11 мамлакати – Ўзбекистон, ХХР, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Туркманистон ва Грузия, шунингдек, ОТБ, Жаҳон банки, ЕХҲТ, ХВФ, БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки каби халқаро донор ташкилотлар иштирок этмоқда.
Мавзуга оид
21:49 / 11.06.2024
Россия ва Эрон ҳамкорлик шартномаси тузиш жараёнини тўхтатди
10:21 / 07.06.2024
FT Украина энергетикасининг ярми йўқ қилингани ҳақида хабар берди
19:05 / 06.06.2024
Истеъмолчиларга базавий меъёрдан ортиқ ишлатилган газ-свет ҳақида SMS юборилмоқда. Бу қандай ишлайди?
08:34 / 05.06.2024