Ўзбекистон | 12:46 / 11.04.2019
4153
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон - Мўғулистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ва Мўғулистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Батмунх Батсетсег бошчилигидаги делегациялар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишларини батафсил таҳлил қилдилар.

Икки мамлакат давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни жадал ривожлантириш учун сезиларли салоҳият мавжудлигига урғу берилди ва кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш учун амалий чоралар кўришнинг долзарблиги қайд этилган.

Суҳбат чоғида бизнес-форумлар ва кооперацион биржаларни ташкил этиш ҳамда икки давлат савдо-саноат палаталари иштирокида Ишбилармонлар кенгаши ва ҳамкорликнинг бошқа механизмларини тузишга қизиқиш билдирилган.

Туризм соҳасидаги муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинган. Таъкидланганидек, Ўзбекистон томонидан Мўғулистон фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий қилиниши уларнинг Ўзбекистондаги буддизм қадамжоларини ва бошқа тарихий обидаларни зиёрат қилишлари учун қулай шароит яратади. Шу нуқтаи назардан Мўғулистон томони Улан-Батор ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини ўрганиб чиқишни таклиф этди. Бу турли даражадаги алоқаларни ҳамда фан, маданият арбоблари ва спортчилар ўртасидаги алмашинишларни фаоллаштиришга йўл очади.

Учрашувда икки давлатнинг халқаро ташкилотлар, аввало, БМТ ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорлиги масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Маслаҳатлашувларда Мўғулистон элчиси Лувсан Баттулга иштирок этган.

Бундан олдин, Ўзбекистон - Мўғулистон сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид