Жамият | 17:49 / 12.04.2019
31071
2 дақиқада ўқилади

«1 асрдан ошган паранжи». Момолар қандай кийинган?

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 1-умумтаълим мактаби тарих ва ўлкашунослик музейида 100 йиллик тарихга гувоҳ паранжи сақланади. Маҳаллий аҳоли орасида аёллар паранжиси вазифасида фойдаланган кийим желак аталган. Ушбу желак биринчи Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида намойиш этилди. 

Тумандаги 1-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Жамила Усмонованинг айтишича, желакнинг соҳиби Хадича Алимардонова 1978 йилда саксон беш ёшида вафот этган . Асл сурхон ипагидан тўқилган желакни Хадича момо келинлик давридан кийган. Қарийб бир асрдан ортиқ умр кўрган паранжи ташқи таъсирларга учрамай, табиий кўринишини йўқотмаган.

Термиз шаҳрида ташкил этилган фестивалда миллий анъана ва урф-одатларни тарғиб этаётган Сурхондарёнинг Шеробод тумани Ғамбур қишлоғи маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси Саховат Тўраева  билан суҳбатлашиб, аёллар паранжиси ҳақида кўпроқ маълумот олдик.

 «Паранжининг ортдан кўрсангиз қўллари боғланган бўлиши мумкин. Бу либос турмушга чиқмаган қизнинг белгиси, қўли очиқ бўлса, турмуш қурган аёлдан дарак берган. Шунингдек, Сурхон воҳасига оид фарқ шундаки, аёллар либоси, хусусан желакдаги жияклар турли этник, маданий, ҳудудий мансублик, қавмга оидликни билдирган», —  дейди у.

Тўраеванинг айтишича, паранжи одатда кенг ўлчамда тикилган, либосни кийиш учун желак бошга ташланади. Шу ҳолатда паранжининг енглари ўзига хос чўнтак вазифаси ўтаган. Момолар паранжиси енги қисми ўзига хос кисса, болаларга тарқатиш учун ширинлик, нон сақлайдиган жой ҳам бўлган.

Фестивалга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар тарихий либосларни томоша қилиб, ўзбек аёлларнинг асл кийими, турмуши билан яқиндан танишди.

Мавзуга оид