Жаҳон | 21:08 / 12.04.2019
18565
2 дақиқада ўқилади

АҚШда аномал кичик ўлчамли чақалоқ парваришлаб катта қилинди

Фото: Blythedale болалар шифохонаси

АҚШнинг Коннектикут штатида шифокорлар туғилганидан кейин бор-йўғи 300 грамм келган чақалоқни парваришлаб катта қилишди. Бу ҳақда New York Post нашри хабар берди. 

Аномал кичик бола Коннор Флорио 2018 йил 13 июлда дунёга келган. Бола туғилганда шифокорлар унда нафас олиш қийинлиги, мияда қон қуйилиш борлиги, қондаги шакар миқдори билан муаммолар ва кўз касаллигини аниқлашган. Икки шифохона шифокорлари 9 ой давомида бемажол болани парваришлаб, уйига жўнатишган. Ҳозирда болакайнинг вазни 2,7 кгни ташкил қилмоқда.

“Мен уни шифохонадан чиқаришганига ишона олмасдим. Мен буни уни машинага ўтказиб, уйга етказганимиздагина англадим”, деб айтган боланинг онаси Жейми Флорио. 29 ёшли аёлнинг таъкидлашича, болакай ўйинчоқ ўйнаш, ўзини ойнада томоша қилиш, одамларни кузатиш ва ванна қабул қилишни хуш кўради.

Болани даволаган шифокорнинг айтишича, Коннорнинг саломатлиги деярли тикланган ва энди болага кислород ниқоби керакмас. 

Февраль охирида Японияда туғилганидан кейин 268 грамм келган бола парваришлаб катта қилингани маълум қилинганди. Ўғил чақалоқ ҳомиладорликнинг 24-ҳафтасида шошилинч кесарча кесишдан кейин дунёга келган.

Мавзуга оид