Жамият | 09:32 / 13.04.2019
29211
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда суицид ҳолатларининг 30 фоизи вояга етмаган қизлар ўртасида кузатилган

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш борасида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот брифинги ўтказилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, республика бўйича 150 та “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказ”ларини ташкил этиш белгиланган. 

Пойтахтда мазкур марказнинг Тошкент шаҳар бўлинмаси, Бектемир-Миробод-Яшнобод туманлараро бўлинмаси, Шайхонтоҳур-Олмазор туманлараро бўлинмаси ҳамда Мирзо Улуғбек-Юнусобод туманлараро бўлинмаси фаолият юрита бошлади. Яқин орада яна иккита шундай бўлинма ишга туширилади.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларининг хотин-қизлар қўмиталари ҳамда ушбу бўлинмалар томонидан оғир ижтимоий аҳволда қолган аҳоли қатламининг ҳаётини ўрганиш, муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш бўйича қилинаётган ишларга эътибор қаратилди. Бу йўналишда 1146 рақамли ишонч телефони йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Маълум қилинишича, жорий йилда шаҳарда қайд этилган суицид ҳолатларининг 30 фоизи вояга етмаган қизлар ўртасида кузатилган. Бунинг учун эса таълим муассасаларидаги психологлар фаолиятини кучайтириш лозим. Шу маънода ташкил этилган бўлинмалар бевосита ўқув масканларидаги психологлар билан мунтазам иш олиб боради. Шунингдек, оилавий муаммолар ва турмушда зўрлик ишлатишга дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид