Скрипаллар заҳарланган шаҳар Британиянинг яшаш учун энг яхши жойи деб аталди
The Sunday Times британ нашри Буюк Британияда 2019 йилда яшаш учун яхши жойлар рейтингини тузди. Рейтингга кўра, Британияда яшаш учун энг жозибадор шаҳар Солсбери деб тан олинди.
Шаҳар “буюк тарихга эга ва олий сифатли таълимни таклиф қилади, бироқ жорий йил у “жамоавийлик ҳиссининг тикланаётгани” сабабли эътироф этилган.
2018 йил мартида кимёвий қурол бўйича мутахассислар ушбу шаҳарда Россиянинг собиқ разведкачиси Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши билан боғлиқ ҳолда “Новичок” туридаги фалажловчи моддани қидиришган ва у юқори унвонга даъвогарлик қилиши даргумон эди. “Бироқ шунга қарамай, шаҳар ўзига келиб олди ва кўплаб кўрсаткичлар, айниқса Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияга ҳужумдан кейин юзага келган карахтлик, қўрқув ва саросималикни енгишга ёрдам берган жамоавийлик ҳисси бўйича юқори баҳо олди”, дейилган мақолада.
Нашрнинг таъкидлашича, Скрипаллар билан юз берган воқеадан кейин шаҳар дўконлари бўшаб қолган, сайёҳлар оқими пасайиб кетган, бироқ ҳозир вазият яхши томонга ўзгарган. “Ўтган йил бизга бир-биримизга қанчалик кучли муҳтож эканлигимизни эслатиб қўйди”, деб айтган шаҳардаги руҳонийлардан бири Николас Попадопулос.
Шунингдек, нашр мамлакатнинг муайян ҳудудларидаги яшаш учун энг яхши жойларни ҳам айтиб ўтган. Лондонда бундай жой сифатида дарёга очилувчи манзаралар, аъло сифатли транспорт алоқаси ва нисбатан қиммат бўлмаган кўчмас мулк” сабабли Ит ороли эътироф этилган. Бундан ташқари, Англия шимолидаги Йорк, Шотландиядаги Данди, Уэльсдаги Крикхауэлл ва Шимолий Ирландиядаги Холивуд шаҳарлари яшаш учун энг яхши жойлар деб аталган.
Скрипаллар 2018 йил марти бошида Солсберидаги уйларида ҳушсиз топилишган. Британия ҳукумати уларнинг заҳарланишида Москвани айблаган. Таъкидланишича, Скрипалларга ҳужум вақтида “Новичок” туридаги модда қўлланган. Бироқ Россия бу айбловларни инкор этиб келади.
Мавзуга оид
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
09:05 / 07.11.2024
Қашқадарё вилояти ҳокимига Британиядан маслаҳатчи тайинланди
17:36 / 04.11.2024