Жаҳон | 22:03 / 14.04.2019
10256
2 дақиқада ўқилади

Таиландда Янги йил нишонланиши вақтидаги автоҳалокатларда 174 киши ҳалок бўлди

Таиландда Сонгкран – Янги йилнинг 3 кун нишонланиши вақтида йўл-транспорт ҳодисаларида 174 киши ҳалок бўлди, 1728 киши жабрланди. Бу ҳақда Bangkok Post нашри хабар берди. 72 соат ичида 1665 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Бундай кўрсаткичлар таиландликларнинг байрам вақтида мамлакат бўйлаб оммавий ҳаракатланиши билан боғланган. 

Бироқ айтиш жоизки, ўтган йилга нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари сони 9,7 фоизга, ҳалок бўлганлар сони 17,1 фоизга, жабрланганлар 9,4 фоизга камайган. 

Ўтган йиллар каби йўл-транспорт ҳодисаларига асосан маст ҳолатда машина бошқариш (38 фоиз) ва тезликни ошириш (27,5 фоиз) сабаб бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаларининг аксариятида мотоциклчилар иштирок этган. Соат 16:00дан 18:00гача оралиқда энг кўп автоҳалокат юз берган.  

Сонгкран вақтида полиция бутун мамлакат бўйлаб қўшимча 2036 та назорат-ўтказиш пункти ўрнатган. Уларда 2,62 млнта транспорт воситаси ҳайдовчиларнинг спиртли ичимликлар ичганлигига текшириш учун тўхтатилган. Натижада 71,3 минг ҳайдовчи маст ҳолатда бўлгани аниқланган ва улардан 2294 та транспорт воситаси мусодара қилинган. 

2018 йилда ушбу байрам нишонланиши вақтида бир ҳафта ичида 418 киши ҳалок бўлган, 3,8 минг киши жабрланган. 11 апрелдан 17 апрелгача қироллик йўлларида 3,7 минг йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Таиландда ҳар куни автоҳалокатларда 66 киши ҳаётдан кўз юмади.

Мавзуга оид