Спорт | 13:19 / 15.04.2019
14786
3 дақиқада ўқилади

Шомуродов яна «Ростов» қаҳрамони. Унинг голи «Спартак»ни мағлуб этди

Фото: Чемпионат.com

Россия чемпионати 23-турида «Ростов» Валерий Карпиннинг собиқ жамоаси «Спартак»ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Карпин дербиси»да ғалаба голини Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов киритди. 80-дақиқа ўтиб бораётганда Роман Ерёменко қанотдан тўпни ҳаволатиб жарима майдончасига узатди ва Элдор бош билан «Спартак» дарвозасига гол урди.

Бу ўйиндаги ғалаба голи бўлди ва «Ростов» очколари сонини 35 тага етказиб, «Спартак» билан фарқни 1 очкогача қисқартирди. Айни дамда «Ростов» олтинчи, «Спартак» 5-ўринда бормоқда.

РПЛ. 23-тур
РОСТОВ – СПАРТАК 2:1
Голлар: Гацкан (13), Шомуродов (80) – Зобнин (27).
Ростов: Песьяков, Чернов, Логашов, Сигурдссон, Паршивлюк, Ерёменко, Гацкан, Попов (Сигурдарсон, 78), Норманн, Ионов (Шомуродов, 63), Глебов (Зуев, 77).
Спартак: Максименко, Боккетти, Жиго, Рассказов, Айртон, Глушаков (Фернандо, 81), Зобнин, Мельгарехо (Ломовицкий, 73), Мелкадзе, Луис Адриано, Зе Луиш (Ханни, 38).
Огоҳлантиришлар: Паршивлюк (28), Глебов (45), Логашов (56), Еременко (61), Боккетти (64), Мелкадзе (77).

Элдор «Спартак» билан баҳсда ғалаба голи муаллифи бўлганидан сўнг (2:1) клуб расмий сайтига қисқача интервью берди.
«Роман Еременко қанотдан тўпни яхши ташлаб берди, мен эса бош билан зарба бердим. Гол бўлишини зарба беришим биланоқ тушунгандим. Тўп жуда зўр ошириб берилганди», – деди Шомуродов.
– Майдонга чиқишингиздан олдин Валерий Карпин сизга нима деди? (Элдор 63-дақиқада захирадан тушганди – таҳр.)
– У менга доим жамоага ёрдам бериш, гол уриш кераклигини айтади. Бугун ғалаба голини урганим яхши бўлди.
– Ўйинга қўшилишингиздан олдин ҳаяжон кучлимиди?
– Ростовлик мухлислар олдида ҳаяжон доим бўлади. Лекин мен тезда хотиржамлашиб, эътиборимни ўйинга қаратдим.
– 2:1 ҳисоби адолатли бўлдими?
– Иккинчи голни ким урса, ўша ғолиб бўлишини тушуниб тургандим. Айнан шундай ҳам бўлди. «Спартак»да ҳам яхши вазиятлар бўлди, лекин биз ҳам тезкор ҳужумлар уюштирдик.
– Ўйин «Тахтлар ўйини» сериали услубида кечди...
– Бу сериални кўраман, менга жуда ёқади. Аммо ўзимни ундаги бирор қаҳрамонга солиштира олмайман.

Мавзуга оид