Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳамда жамоа сардори Элдор Шомуродов 18 июн куни Колумбияга қарши кечадиган ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.

У таркибдаги барча футболчилар ўйинга тайёр ҳолатда эканини айтган, шунингдек, гуруҳдаги рақиблар ҳақидаги фикрларини билдириб ўтган.

«Ҳусанов албатта муҳим ҳимоячиларимиздан биттаси, унда ҳали янада юқори даражага чиқиш имконияти бор. У айни пайтда ҳам юқори даражада ўйинлар кўрсатиб келмоқда. 

Ўйлайманки, бу ерда энг яхши фазилатларимизни, ўзбекларнинг менталитетини намойиш қилишга келганмиз. Мен жамоа билан ишлаганимда ўз тажрибамни улашишга ҳаракат қилдим. Чунки мен ҳам қачонлардир илк бор Жаҳон чемпионатида дебют қилганман ва ўз тажрибаларимни етказиб боряпман. 

Колумбия ва Португалия каби жамоалар юқори даражадаги ўйин намойиш этишади. Уларнинг таркибида кучли футболчилар бор. Уларга қарши ўйинда эҳтиёткорлик билан ўйнаймиз. Колумбияда нафақат Ҳамес, балки кўплаб яхши даражадаги футболчилари бор. 

Колумбияни таҳлил қилдик, охирига қадар ўйнайди. Биз ҳам ўз имкониятимизни намойиш этиб, майдонга тушамиз», дея Каннаваронинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.

Бош мураббийдан биринчи тур арафасида Жалолиддин Машарипов таркибдан четлатилгани ҳақида ҳам сўралган. Италиялик мутахассис ушбу футболчи сўнгги 8 ойда атиги 20 дақиқа ўйнагани ва таркибдан четлатиш қарори тиззасидаги муаммо туфайли эмас, балки бошқа жароҳат сабабли қабул қилинганини айтди. «Биз катта таваккал қилмасликка қарор қилдик. Афсуски, ажойиб бир ўйинчимизни йўқотдик», – дея унинг сўзларини келтиради Gazeta мухбири.

Шунингдек, жамоа яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг жаҳон чемпионатига тайёргарлик машғулотларининг юкламаси оғирлиги экани ҳақидаги сўзларига изоҳ берар экан, Фабио Каннаваро шундай дейди: «Агар нимагадир эришмоқчи бўлсангиз, қийинчиликлардан ўтишингиз ва буни ҳаммага исботлашингиз керак. Машғулотларда қийинчиликлар бўлиши табиий ҳол».

Жамоа сардори Элдор Шомуродов ҳам матбуот анжуманидаги саволларга жавоб қайтарди.

«Ҳамманинг кайфияти аъло даражада, илк бор жаҳон чемпионатида қатнашяпмиз. Ҳаяжон бор, лекин ҳеч қандай босим йўқ. Барча футболчиларимиз ушбу ўйинни интиқлик билан кутяпти», – деган у жамоа ичидаги муҳит ҳақида.