08:00 / 20.04.2019
25639

«Яраланган шер» қасосга шайланмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Getty Images

Навбатдаги дам олиш кунлари ҳам футбол мухлислари учун бир қатор қизиқ учрашувлар тайёрлаб қўйган. Италия ва Францияда ниҳоят чемпион деб расман эълон қилиниши мумкин, Англия ва Германияда эса, минимал фарқ билан рақобат қилаётган номзодлар чемпионлик учун сиртқи курашни давом эттирмоқда. Шунингдек, келаси мавсумда ЕЧЛга йўлланма берадиган ўринлар учун ҳал қилувчи тўқнашувлар бор.

СЕЛЬТА – ЖИРОНА (20 апрель, 16:00)

Мавсум бошида бу жамоалар шу даражада яхши ўйин кўрсатгандиларки, шу темпда давом этишса, бу ўйин балки еврокубоклар учун қаттиқ кураш мақомида бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо ҳар икки жамоа мавсумнинг иккинчи ярмини жуда бўш ўтказмоқда.

«Сельта» ниҳоят сўнгги ўйинларда ғалаба қозонишни бошлади ва хавфли зонадан чиқиб олди, «Жирона» эса, қаторасига 4 ўйиндан бери фақат мағлубиятга учрамоқда. Каталонияликлар 34 очко билан 14-ўринда бораётган бўлса, «Сельта» ҳисобида 32 очко бор ва виголиклар 17-ўринни банд қилиб турибди. Хавфли зонадан эса 1 очколик масофа ажратиб турибди, холос. Бу ўйинда мағлубиятга учраган жамоа турни хавфли зонада тугатиши мумкин.

«Сельта» сўнгги пайтларда уй ўйинларини юта бошлади, дедик. Лекин ўз навбатида, «Жирона»нинг ҳам ажойиб статистикаси бор. Ҳозирда аутсайдерлар қаторида бораётган «Жирона» сафар ўйинларида жуда ишончли ўйин кўрсатади ва бу борада Лигада 5-ўринда бормоқда. Фақат «Барселона», «Реал», «Атлетико» ва «Хетафе» яхшироқ натижа кўрсатган, холос. Ҳатто тўплар нисбати бўйича ҳам, «Жирона» сафарда манфий фарққа эга бўлмаган беш жамоадан биридир.

«Жирона»нинг фойдасига айтиш мумкин бўлган яна бир жиҳат – жамоалар Ла Лига доирасида уч марта тўқнаш келишган бўлса, «Сельта» бирор марта ҳам ғалаба қозона олмаган, икки ўйин «Жирона» фойдасига ҳал бўлган. Вигодаги ўтган йилги учрашув 3:3 ҳисобида якунланган бўлса, биринчи даврадаги ўйинда «Жирона» ўз майдонида 3:2 ҳисобида устун келган.

Аммо таркибдаги муаммолар борасида меҳмонларнинг аҳволи бироз ёмонроқ. Жамоа таркибида Фернандес, Сильва, Аланас, Адай каби ўйинчилар майдонга туша олмайди. «Сельта»да эса, фақат Брайс Мендеснинг май ойи бошигача сафдан чиққанини айтиш мумкин. Эмре Мор эса машғулотларга киришди ва балки ўйин заявкасига киритилиши мумкин.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «ТОТТЕНҲЭМ» (20 апрель, 16:30)

Йўқ, бу бошқа ўйин. Европа Чемпионлар Лигасида бизга йилнинг энг яхши ўйинларидан бирини тақдим этган икки жамоа энди АПЛ доирасида орани очиқ қилишади.

«Шаҳарликлар» «яраланган шер» мисоли майдонга тушишлари тайин, зеро ҳаёт давом этади ва Англия чемпионатида зафар қучиш учун «Манчестер Сити» бундан буёғига очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Бу ўйиндан тўрт кун ўтиб «Манчестер Сити» «Олд Траффорд»га сафар қилади. Айнан мана шу икки ўйин Англияда чемпионлик масаласини ҳал қилса керак. Чунки Гвардиола шогирдлари кейинги ўйинларни «Бёрнли», «Лестер» ва «Брайтон»га қарши ўтказади. Ҳозирда «Ливерпуль»дан 1 очко кам йўқотган «Сити» олдиндаги шу икки топ-ўйинни ўз фойдасига ҳал қилса, ўшандагина пойгада фаворитга айланади. «Ливерпуль»нинг тақвими рақобатчисиникидан енгилроқлигини ҳам инобатга олиш лозим.

Ўз навбатида, «Тоттенҳэм»нинг ҳам яримфинал ва «Аякс»ни ўйлаб юриш имконияти йўқ, кучли тўртлик учун кураш йўлида лондонликлар ҳам очко қўлга киритишлари шарт. Демак, бизни чоршанба оқшомидаги театрдан кам бўлмаган ўйин кутиб турибди.

Парадокс шундаки, «Тоттенҳэм» сардори ва етакчиси Ҳарри Кейн жароҳат олиб, майдонга туша олмаган пайтларда кетма-кет ғалаба қозониб, ҳатто чемпионлик пойгасига қўшилиб қолганди. Кейин Кейн майдонга қайтди, жамоа АПЛда 5 ўйиндан 4тасини ютқазиб, битта дуранг қайд этди. Натижада, «шпорлар»нинг ҳатто кучли тўртлик учун имкониятлари пасайиб қолганди. «Ливерпуль» билан ўйинда Кейн оғир жароҳат олиб мавсум охиригача майдонга туша олмайдиган бўлди. Натижа? Топдингиз, «Тоттенҳэм» яна ғалаба қозонмоқда – умумий 7:0 ҳисобидаги қаторасига уч ғалаба ва «Этиҳад»да ғалабага тенг мағлубият.

Кейн борасида тушунарли, Почеттинони кўпроқ Сиссоконинг йўқлиги хавотирга солса керак. Чунки унинг ихтиёрида марказда ўйнаши мумкин бўлган футболчилар деярли қолмади. Дайер ҳам, Уинкс ҳам жароҳатдан тикланишгани йўқ, чоршанба кунги ўйинда жароҳат олган франциялик яримҳимоячининг ўрнига тушириш учун фақат бир вариант – 18 ёшли Оливер Скип қолган, холос.

«Манчестер Сити»да таркиб борасида муаммо камроқ. Лекин биз билмаган ва ўлчаб бўлмайдиган яна бир омил – икки жамоа чоршанба кунги ўйинга қай даражада куч йўқотди ва бу ўйинга қайси футболчи қай даражада тикланиб улгуради? Ҳар икки мураббий ҳозирда шу борада кўпроқ бош қотираётган бўлишлари табиий. Албатта, кўплаб захира вариантлари ва тайёр футболчилари бўлган Гвардиолада бу борада имконият кўпроқ бўлса керак.

ИНТЕР – РОМА (20 апрель, 23:30)

Мана неча йилдирки, бу жамоалар ўйини Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун аҳамият касб этиб келмоқда. «Интер» учинчи ўринда бормоқда ва 5-ўриндаги жамоа, яъни «Рома»дан 6 очко кўп жамғарган. Устунлик жиддий, аммо бу ўйиндаги мағлубият «Рома»ни миланликларга анча яқинлаштириб қўяди. «Интер» эса, мавсум охирида «Ювентус» билан ҳам, «Наполи» билан ҳам ўйнаши керак. Бу жамоалар ўртасида жуда қулай тақвимга эга бўлган «Милан» ҳам борлигини эътиборга олсак, курашнинг асосий қисми олдинда ва бу айнан мана шу ўйиндан бошланади. Айтиш мумкинки, «Интер» бу курашдаги оловга сув сепиши мумкин, бунинг учун римликлар устидан ғалаба қозониб, фарқни 9тага етказиш керак бўлади.

Қизиғи, «Интер» учун бу осон бўлмайди, чунки миланликлар римликлар устидан ўз майдонида охирги марта 4 йил олдин ғалаба қозонган. Жамоалар ўртасидаги сўнгги икки ўйин эса дуранг билан якунланган. Эсингизда бўлса, ўтган йил декабрида Римда кечган ўйин жуда кескин курашлар остида кечиб, 2:2 ҳисобида якунланганди. «Интер» ўз майдонидаги учрашувларда ўта ишончли кўринмаса-да, ўз дарвозаси дахлсизлиги борасида яхши кўрсаткичлар қайд этмоқда – миланликлар бу мавсум Сан-Сирода ўтказилган 15 ўйинда атиги 7 бор гол ўтказиб юборган.

Бу ўйинда «Интер» Сим Врсалконинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Хорватиялик ҳимоячи тиззасидан жароҳат олиб, мавсум охиригача сафдан чиққан. Шунингдек, Марсело Брозович ҳам мушакларидаги жароҳати туфайли шерикларига ёрдам беролмайди. «Рома» эса Миланга икки муҳим ўйинчисиз ташриф буюрмоқда. Давиде Сантон ва Рик Карсдоп жароҳат туфайли бу ўйинда қатнаша олишмайди. Аммо жамоа сардори Даниеле Де Росси асосий таркибда тушиш эҳтимоли бор.

ХЕТАФЕ – СЕВИЛЬЯ (21 апрель, 17:00)

Испанияда чемпионлик учун баҳсда ҳаммаси деярли ҳал бўлган, аммо турнир жадвалининг қуйи қисмида ва айниқса, Европа Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи 4-ўрин учун кураш қизғин тусга кирган. Бу ерда «Севилья» ёки «Валенсия»ни кўриб ўрганиб қолганмиз, аммо «Хетафе»нинг пайдо бўлиши кўпчилик учун кутилмаган бўлиши табиий.

Мадридликлар йилни жуда яхши бошлашган ва етарли фарқ билан тўртликка жойлашиб олишганди. Аммо охирги ўйинлар анча омадсиз келди – «Леганес»дан уйда мағлубият, «Эспаньол», «Вальядолид» билан дуранглар вазиятни бироз ўзгартирди. Бу орада сўнгги 6 ўйиндан 5тасини ўз фойдасига ҳал қилган «Севилья» 4-ўринга кўтарилиб олди. Ана энди, Пералта шогирдлари ўз тарихида илк бор Чемпионлар Лигасида иштирок этиш учун жуда муҳим паллага тайёргарлик кўришмоқда. Бунинг учун аввало, асосий рақиб – «Севилья» доғда қолдирилиши шарт.

Шарт деганимизнинг сабаби, «Хетафе»нинг кейинги ўйинлари тақвими бироз оғирроқ. Жамоа сўнгги турларда «Барселона» билан ҳам, «Реал» билан ҳам ўйнайди, Сосьедадга сафар қилинади. Демак, имконият қолиши учун бу турда «Хетафе» тўртликка кириб олиши талаб этилади. «Севилья»ни бу ўйиндан ташқари Мадридга яна бир сафар – «Атлетико» кутиб турибди. Албатта, лиганинг қуйи ўринлардаги жамоаларга қарши ўйинларни ҳам ёддан чиқармаслик керак – ўз ўрнини сақлаш учун курашаётганлар балки мавсумдаги ўрни ҳал бўлиб улгурган «Барса» ёки «Реал»дан хавфлироқ бўлишлари мумкин. Масалан, «Барселона» «Уэска»га қарши ўйинга иккинчи таркибни тушириб, ЕЧЛ ўйинларига тайёргарлик кўрди. Худди шу шаклда каталонияликлар кейинги баъзи ўйинларда аралаш таркиб билан ўйнашлари турган гап.

Меҳмонлар таркибида бир қатор муаммолар бор – Андре Сильва бу ўйинга тайёр бўлмаса керак, шунингдек, Гоналон, Вёбер ва Нолитода жароҳатлар бор. Мезбонлардан фақат Маркел Баргарада жароҳат бор эди, аммо у ҳам машғулотларга қайтди.

Дарвоқе, биринчи даврада бу жамоалар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда «Хетафе» меҳмонда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (21 апрель, 17:30)

«Асал ойи ниҳоясига етди, энди ҳаёт бошланди». Сульшер ва «Манчестер Юнайтед» муносабатларига бугунги кунда худди шундай баҳо берилмоқда. Вақтинчалик мураббий бошчилигида манчестерликлар ажойиб серия намойиш қилишди, АПЛда ҳаммадан кўп очко жамғаришди, Чемпионлар Лигаси чорак финалига чиқишди. Аммо Сульшер билан уч йиллик шартнома имзоланди ҳамки, муаммолар бошланди. Тўғри, гап шартномада эмас, аксарият футболчиларнинг спорт формалари қишдагидан анча фарқ қилаётганини ҳам таъкидлаш керак.

Лекин факт шу, «Манчестер Юнайтед» охирги 7 ўйиндан 5тасида мағлубиятга учради. Икки марта «Барселона»ку майли, «Вулверҳэмптон» ҳам икки марта бир хил услубда «қизил иблислар»ни ер тишлатди. Бу қисқа вақтда «МЮ» Англия Кубоги ва Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди. «МЮ» сўнгги 20 йилда биринчи марта қаторасига 4 сафар ўйинини бой берди, зеро унгача, қаторасига 8 сафар ўйинида ғалаба қозониб, бошқа рекорд қўйилганди. Яна бир антирекорд – «МЮ» ўз тарихида илк марта ЕЧЛ плей-оффида умумий 4 гол фарқи билан икки ўйинда рақибга бой берди. Қолаверса, бу вақт давомида ғалаба қозонилган икки ўйинда ҳам жамоа ишончли кўринмади. Бир хил 2:1 ҳисобида якунланган ва анча хавотирли кечган ўйинларнинг айниқса, иккинчиси, «Вест Ҳэм»га қарши ўйин ҳақида Сульшернинг ўзи ҳам тан олди – фақат омад туфайли уч очко қўлга киритилганди.

Ана энди, янги палла бошланяпти. Қизиқ, аслида декабрь ойидаёқ барча мусобақаларда имконият йўқдек кўринган ва фақат мавсумни якунлаш, кейинги йилга тайёргарлик учун олиб келинган Сульшер шундай қилдики, «МЮ»га энди бир-биридан оғир вазифалар қўйиляпти. Хуллас, кейинги бир ҳафтада «МЮ» «Эвертон», «Манчестер Сити» ва «Челси»га қарши майдонга тушади. Бу ўйинларда очко йўқотилмаслиги керак, ана ўшандагина, манчестерликларда кучли тўртлик учун яхши имконият ҳосил бўлади. Акс ҳолда, бу вазифа ҳам бажарилиши имконсиз ҳолга келади.

«Эвертон» эса, айниқса ўз майдонида жуда хавфли бўлиб қолган. «Ливерпуль» билан голсиз дуранг, «Челси» ва «Арсенал» билан ўйинларда ғалаба. Бу топ-жамоалар «Гудисон Парк»ни бирорта ҳам гол урмай тарк этганини ҳисобга олсак, сўнгги пайтларда гол уриш бўйича муаммоларга дуч келаётган «Манчестер Юнайтед»га осон бўлмайди. Бошқа тарафдан эса, Сульшер айнан сафар ўйинларига жамоани яхшироқ тайёрлаётганини ҳам таъкидлаш керак. Буни мураббийнинг ўзи ҳам тан олди ва сафар ўйинларида мезбонлар анча очиқроқ ўйин намойиш этиб, ҳужумга боришлари қўл келаётганини айтган эди. Ростдан ҳам, юқорида тилга олинган мағлубиятларда, айниқса, «Арсенал» ва «Вулверҳэмптон»га қарши баҳсларда «МЮ» яхши ҳаракат қилган ва бир қатор яхши вазиятлар ярата олганди.

«Эверто» учун «МЮ» анча ноқулай, айниқса, мана шу таркибдаги «МЮ» беш ўйиндан бери мағлуб этилгани йўқ. Охирги уч ўйинда манчестерликлар устун келишган. Биринчи даврадаги ўйин 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганди.

ПСЖ – МОНАКО (21 апрель, 23:55)

Парижликлар уч турдан бери чемпионлик масаласини расман ҳал қилиш имкониятини қўлдан бермоқда. Аввалига «Страсбур» билан дуранг қайд этилди (2:2). Кейин эса, ҳатто дуранг ҳам қаноатлантирадиган ўйинда энг яқин таъқибчи – «Лилль»дан 1:5 ҳисобида мағлубиятга учралди. 17 апрель куни эса, «Нант»га қарши ўйинда яна мағлубият – 2:3.

Вазифа яна ўша-ўша, «ПСЖ» навбатдаги турда «Монако» устидан ғалаба қозонса бўлди, чемпионга айланади. Аслида дуранг ҳам амалий томондан барча масалага нуқта қўяди, чунки тўплар нисбати бўйича парижликлар «Лилль»дан +40 устунликка эга. Аммо бу ҳақида расман айтиш учун албатта, очколар бўйича ҳам етиб бўлмас ҳолга келиш керак.

Қизиғи, «ПСЖ» ўтган йили ҳам айнан «Монако» устидан ғалаба қозониб, чемпионликни нишонлаганди. Роппа-роса бир йил олдин, 16 апрель куни бўлиб ўтган ўйинда парижликлар 7:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўша ўйиндан кейинги Суперкубок ва чемпионат ўйинида ҳам «ПСЖ» монегаскларни йирик ҳисобларда мағлуб этган. Ҳар икки ўйинда ҳам 4:0 ҳисоби қайд этилган. Умуман, саккиз ўйиндан бери «ПСЖ» мунтазам «Монако»ни енгиб келмоқда. «Оқ-қизиллар»нинг сўнгги ғалабаси 2016 йилга тўғри келади. Ўша мавсумда жамоа «ПСЖ»ни икки бор енгган ва якунда мамлакат чемпиони бўлганди.

Худди шундай ҳолатда Туринда «Ювентус» ҳам турибди. Туринликлар ўтган турда СПАЛ меҳмони бўлди ва муддатидан олдин чемпион бўлиш имкониятини қўлдан бой берди. «Фиорентина»га қарши ўйинда дуранг ҳам «Ювентус»ни қаторасига саккизинчи марта Италия чемпионига айлантиради.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 апрель. «Парма» – «МИЛАН» (15:30), «БАВАРИЯ» – «Вердер» (18:30), «Эйбар» – «АТЛЕТИКО» (19:15), «БАРСЕЛОНА» – «Реал Сосьедад» (23:45)

21 апрель. «Фрайбург» – «БОРУССИЯ» Д (18:30), «РЕАЛ» – «Атлетик» (19:15), «АРСЕНАЛ» – «Кристал Пэлас» (20:00), «Кардифф» – «ЛИВЕРПУЛЬ» (20:00).

Top