Ўзбекистон аҳолисининг 2 фоизи эмлашга мутлақо қарши — Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ўзбекистон аҳолисининг 92 фоизи эмлаш тарафдори, 2 фоизи эмлашга мутлақо қарши, 6 фоизи эса бу борада аниқ фикрга эга эмас. ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида мамлакат аҳолисининг вакциналарга муносабати юзасидан ўтказилган тадқиқот натижалари маълум қилинди.
Унга кўра, аҳолининг 90 фоизи вакцина касалликнинг олдини олади деган фикрда, 27 фоизи вакциналар айнан қайси касалликка қарши эканлиги ҳақида маълумотга эга эмас, 16 фоизи у ўлимнинг олдини олади деб ўйлайди, 8 фоизи фақатгина тиббиёт ходимлари берган маълумотлар юзасидан хабардор, 9 фоизи эмлаш ногиронликнинг олдини олади дея тушунади, 2 фоизи эса вакциналарни самарали ва тежамли деб ҳисоблайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси Дилором Турсуновага кўра, аҳолининг вакциналар ҳақидаги билими талаб даражасида эмас.
«Масалан, Ўзбекистон қизамиқдан холи ҳудуд сифатида эътироф этилган. Лекин бу қизамиқ ҳеч қачон такрорланмайди, унга қарши эмлаш кераксиз, дегани эмас» , дейди мутахассис.
Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, одамлар олинаётган вакцина айнан қайси касалликдан ҳимоялаши ҳақида маълумотга эга эмас. Мисол учун, пневмо вакцинаси пневмококдан қарши ҳимоялаши ҳақида 76,7 фоиз киши бехабар.
Ўзбекистонда эмлаш тақвимига мувофиқ 13 турдаги хасталикка (туберкулёз, гепатит В, поливирус, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, грипнинг гемофилик тури, пневмония касалликлари, ўткир респираторли вирусли инфекция, қизамиқ, тепки, қизилча, инсон папилломаси вируси) қарши вакциналар бепул тарзда ўтказилади.
Тадқиқот хулосаларига кўра, бола парвариши билан банд бўлганлар, қишлоқ жойларида истиқомат қилувчилар, меҳнат муҳожирлари ҳамда иммунизацияга қарши бўлганлар билан вакциналар аҳамияти бўйича кўпроқ шуғулланиш лозим.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024
ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади
00:00 / 06.09.2024