Жаҳон | 19:40 / 24.04.2019
6415
2 дақиқада ўқилади

Босния полицияси мигрантларни қафасларда сақлагани маълум бўлди  

Босния полицияси қафасларга ўхшаш камераларда сақланган мигрантлар видеоси эълон қилингандан кейин уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганини рад этди. Полицияда таъкидланишича, бу қафаслар Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида қурилган ҳамда ноқонуний мигрантларни вақтинчалик сақлаш блоклари ҳисобланади.

Мигрантларнинг фарзандлари билан кичик камераларда сақлангани видеосини Are You Syrious хайрия ташкилоти эълон қилган. 

Видеода бир-биридан сим тўр билан ажратилган кичик камералардаги одамларни кўриш мумкин. Таъкидланишича, видео мигрантлардан бири томонидан жўнатилган. Хайрия ташкилоти видеодаги мигрантлар ироқликлар экани, улар орасида 5 бола, жумладан 3 ёшли бола бўлганини маълум қилган.   

Полициянинг таъкидлашича, видеодаги объект чегарадаги Клобук пунктида жойлашган бўлиб, унда Черногориядан кирган ва депортация қилинишини кутаётган мигрантлар сақланади.

“Босния ва Герцеговина чегара полицияси ўз объектида мигрантларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганини рад этади”, дейилган полиция баёнотида.

Полициянинг таъкидлашича, камераларда кондиционерлар ва иситгичлар бўлган, мигрантлар қулфланган ҳолда сақланмаган ҳамда камераларда Черногория полицияси уларни ортга қайтариб олмагунча бор-йўғи 2 соат ўтиришларига тўғри келган. 

Мавзуга оид