Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Босния қаҳрамони – терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан футбол шарҳловчиси ким эди?
Шу кунларда АҚШ, Канада ва Мексикада навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилмоқда. 48 та жамоа орасида Босния ҳам бор. Европадан Италия, Дания каби кучли жамоалар жаҳон чемпионатига бора олмаган бир пайтда Босниянинг мундиалга йўлланма олиши мўъжизадай бўлди. Бу жамоани жаҳон чемпионатига профессионал мураббий эмас, сўнгги пайтларда футбол шарҳловчиси сифатида ишлаб келган собиқ футболчи олиб чиқди.
Болқон яриморолида жойлашган ва унча катта давлат бўлмаган Босния Европанинг ўртамиёна терма жамоаларидан бири ҳисобланади. 2026 йил май ойида бу жамоа ФИФА рейтингида 65-ўринда бўлган. Июн ойида 64-ўринга кўтарилди.
Тўлиқ номи Босния ва Ҳерцеговина бўлган бу давлат ҳар доим ҳам қитъа ҳамда жаҳон чемпионатларида ўйнайвермайди. Босния терма жамоаси шу пайтгача Европа чемпионати финал қисмида тўп сурмаган.
Жаҳон чемпионатида эса бир марта, 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган мусобақада иштирок этган. Шу сабабли ҳозирда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олинишини босниялик мухлислар ҳақиқий мўъжиза сифатида қабул қилишди.

Босния халқаро мусобақаларда
Босния ҳам халқаро мусобақаларда қатнашишни Ўзбекистон каби 1990-йилларнинг биринчи ярмида бошлаган. Унгача бу давлат қарийб 50 йил давомида Югославия таркибида бўлган ва 1992 йилда мустақилликга эришган.
Маълумотларга кўра, Босния терма жамоаси ўзининг биринчи расмий ўйинини 1993 йилда Теҳронда Эрон терма жамоасига қарши ўтказади.
Боснияликлар илк марта 1996 йилда 1998 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралашида иштирок этади ва ўз гуруҳида тўртинчи ўринни эгаллайди.
2002 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати саралашида Босния жуда ёмон натижа кўрсатади ва гуруҳда охиридан иккинчи ўринни эгаллайди.
2006 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати саралашида Босния бироз яхши натижа кўрсатади ва бу сафар гуруҳда учинчи ўринни эгаллайди.
2010 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати сарлашида Босния анча муваффақиятли қатнашади ва бу сафар ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллайди.
Бироқ бу натижа жамонинг жаҳон чемпионати финал қисмига тўғридан тўғри чиқишига етарли бўлмайди. Жамоа ўтиш ўйинида ҳар икки баҳсда ҳам Португалиядан 1:0 ҳисобида енгилади.
2014 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида ниҳоят Босния ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллайди ва Бразилияда бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашади.
Гарчи Босния Европанинг ўртамиёна жамоаси ҳисобланса ҳам, бу юртдан кўплаб таниқли ўйинчилар етишиб чиққан. Бир пайтлар Баварияда порлаган Ҳасан Солиҳамиджич, Манчестер Сити, Рома ва Интерда тўп тепган Эдин Жеко, Рома, Ювентус ва Барселона таркибида ўйнаган Миралем Пянич, шунингдек, Эмир Спахич, Ведада Ибишевич, Звездан Исимович шулар жумласидан.
Шарҳловчининг Босния термасига мураббий бўлиши
2014 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг Босния терма жамоасининг ўйинида кескин пасайиш бошланади.
Боснияликлар 2018 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати саралашида гуруҳда учинчи ўринни, 2022 йилда бўлиб ўтган чемпионат саралашида эса тўртинчи ўринни эгаллайди.
Шундан сўнг терма жамоа футболчилари ва бош мураббий танқидлар остида қолиб кетади. Собиқ футболчи, турли телеканалларда футбол шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган Сергей Барбарез термани танқид қилишда энг фаоллардан бири бўлади.
Барбарез ҳар бир чиқишида терма жамоа футболчиларини, бош мураббийни, ўйин тактикасини, Босния футболи тепасидаги шахсларни аёвсиз танқид қилади.
Шу билан бирга у терма жамоа қандай ўйнаш кераклиги, ҳужум қандай ташкил этилиши, ҳимоя қандай ушланиши ҳақида ўз фикрларини билдиради.
Бир неча йил Сергейнинг танқидларига чидаб келган Босния футбол федерацияси раҳбарияти 2024 йилда унга “Агар футболни ва мураббийликни шунчалик зўр билсанг, кел, ўзингни синаб кўр ва термани бошқар” дейди.
2024 йил 19 апрел куни Сергей Барбарез Босния терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланади. Ўша пайтда терма жамоа ҳали 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралаш ўйинларини бошланмаган эди.
Ўша пайтгача мураббийлик фаолияти билан умуман шуғулланмаган Барбарез терма бошқарувига келгач жамоада темир интизом ўрнатади. Сўнг жамоага ўз фалсафасини олиб киради. Натижа ўзини кўп куттирмайди.
“Ойдан тушмаган” Сергей Барбарез
1971 йилда туғилган Сергей Барбарез собиқ футболчи ҳисобланади. У 1989-1991-йилларда Босниянинг “Валеж Мостар” жамоасида ўйнайди. Сўнг Германиянинг “Ҳанновер 96” жамоасига кўчиб ўтади.
Сергей 1993-1996-йилларда “Унион Берлин”, 1996-1998-йилларда “Ганза Росток” жамоаларида тўп тепади. 27 ёшида Германиянинг гранд жамоаларидан бири Дортмунднинг “Боруссия” жамоасига қўшилади.
Барбарез 2006 йилда Германиянинг яна бир таниқли жамоаси “Байер” сафига ўтади ва бу ерда икки мавсум тўп тепиб, 2008 йилда бутсаларини михга илади.
Шунингдек, Сергей Барбарез 1998-2006 йиллар мобайнида Босния терма жамоаси сафида 47 та ўйин ўтказади ва 17 та гол уришга муваффақ бўлади.
Сергей 2009 йилдаёқ Босния терма жамоасини 2012 йилда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати саралаш ўйинларида бошқаришни хоҳлашини айтади. Бироқ унинг мамлакат терма жамоасига мураббий бўлишига Босния таркибидаги Серб республикаси футбол федерацияси қарши чиқади.
Сергей мураббий бўлиш йўлидаги аҳдидан қайтмайди ва 2011 йилда УЕФАнинг Про лицензиясини қўлга киритади. Бироқ ҳеч бир жамоани бошқармайди. Унинг ягона мақсади Босния термасини бошқариш эди.
Бироқ мамлакат футбол федерацияси унга ишонч билдирмайди ва Сергейнинг терма жамоа мураббийи бўлиш ҳақидаги орзуси амалга ошмай қолаверади.
Шундан сўнг Сергей турли телеканалларда футбол шарҳловчиси сифатида ишлайди ва терма жамоа ўйинларини таҳлил қилиб, унинг асосий танқидчисига айланади. Охир-оқибат мамлакат футбол федерацияси унга имконият беришга қарор қилади.
Жаҳон чемпионати саралаши
Барбарез бошчилигидаги терма жамоага 2026 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати саралашида Австрия, Руминия, Кипр ва Сан-Марино рақиб бўлади.
Умрида ҳеч қачон мураббийлик қилмаган Сергей Барбарез ўз салоҳиятини Руминияга қарши кечган баҳсда кўрсатади ва 2025 йил март ойида бўлиб ўтган ўйинда руминларни Бухарестда 1:0 ҳисобида енгиб қайтади.
Орадан уч кун ўтгач Босния ўз уйида Кипр термасини 2:1 ҳисобида енгади. Учинчи ва тўртинчи ўйинларда Сан-Марино икки марта мағлуб этилади. Тўртта ўйинда тўртта ғалаба ва юз фоизлик натижа.
Бироқ кейинги ўйинларда боснияликдан омад юз ўгиради. Жамоа ўз майдонида Австрияга ютқазиб қўяди. Кипрда эса дуранг ўйнайди.
Еттинчи ўйинда ўз уйида Руминияни яна мағлуб этади. Охирги саккизинчи ўйинда гуруҳ пешқадами Австрия билан Венада дуранг қайд этилади ва жамоа 17 очко билан гуруҳда иккинчи бўлади. Биринчи ўриндаги Австрия 19 очко тўплайди.
Ўшанда охирги ўйинда Австрия таслим этилганда ҳам Босния тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринда қоларди. Австрия тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига йўл олади. Босния плей-оффда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Италияни ортда қолдирган Босния
Плей-оффга Босниядан ташқари яна 11 жамоа саралаш босқичи, 4 жамоа Миллатлар Лигаси рейтинги орқали чиқади.
Ана шу 16 жамоа 4 гуруҳга бўлинади. Босния жамоаси Италия, Уэлс ҳамда Шимолий Ирландия билан бир гуруҳга тушади. Ўзаро ўйинда Босния ҳамда Уэлс ўртасидаги баҳс дуранг билан якун топади. Пеналтилар сериясида Боснияга омад кулиб боқади. Иккинчи ўйинда Италия жамоаси Шимолий Ирландияни 2:0 ҳисоби билан енгади.
Жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи ҳал қилувчи ўйин Италия ҳамда Босния ўртасида кечади ва дуранг билан якунланади. Пеналтилар сериясида яна Босниянинг қўли устун келади ва улар кимсан Италия термасини енгиб, жаҳон чемпионати иштирокчисига айланади.
Босния ва Италия ўртасидаги баҳс ниҳоясига етгач, Босния халқи байрамни бошлаб юборади. Одамлар катта ютуқни нишонлаш учун кўчаларга чиқади. Жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан Сергей Барбарез миллий қаҳрамонга айланади.
Айтганча, АҚШ, Мексика ва Канадада бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида Босния Канада, Швейцария ва Қатар терма жамоалари билан бир гуруҳда жой олган.
Ҳозиргача Босния биринчи ўйинда Канада билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Иккинчи ўйинда унча кучли бўлмаган Швейцарияга 4:1 ҳисобидан ютқазди.
Жамоа плей-оффга йўлланма олиши учун энди учинчи турда Қатарни мағлубиятга учратиши керак эди ва шундай ҳам бўлди. Осиё жамоаси 3:1 ҳисобида мағлуб этилди.
Энди Босния ўз юришини 1/16 босқичида АҚШ термасига қарши ўйин билан давом этиради. Кўрамиз, шарҳловчидан чиққан мураббий бу жамоани қаергача олиб бора оларкин?
Мавзуга оид
16:03 / 12.04.2026
Аббос Файзуллаев: Жаҳон чемпионатида гуруҳдан чиқишимиз ҳайрон қоларли иш бўлмайди!
17:47 / 15.12.2025
Ўзбекистонда футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини ўтказиш чоралари белгиланди
20:12 / 05.11.2025
Ўзбекистон ўсмирлари жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлади
08:12 / 05.08.2025