Ўзбекистон | 16:58 / 24.04.2019
8973
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси хориждаги аёллар рўйхати тузилишига доир гап-сўзларга изоҳ берди

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Хотин-қизлар қўмитасида хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган ўзбекистонлик аёлларнинг махсус рўйхати тузилишига оид хабарлар инкор этилди, қўмита оғир ҳаётий вазиятда қолган аёлларга ёрдам беради, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Бу масала кўтарилишига сўнгги вақтларда хорижий давлатлар фуқароларига турмушга чиқиб, у ерда зўравонликка дуч келганликларидан шикоят қилаётган ва ёрдам сўраётган аёллар мурожаати сабаб бўлган.

"Хотин-қизлар қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик корпус ваколатхонаси билан ҳамкорликда шундай мураккаб вазиятда қолган аёлларга ёрдам беришни ташкиллаштиради. Бизнинг мақсадимиз нафақат хорижий мамлакатларда турмушга чиққан аёлларга, балки ўша ерларда ишлаш учун кетган хотин-қизларга ҳам ёрдам беришдан иборат", - дейилади қўмитада.

Шунингдек, маълум бўлишича, Республика Хотин-қизлар қўмитаси Санкт-Петербургда фаолият юритувчи "Мадад" нодавлат ташкилоти билан келишув битимини имзолаган. Улар ҳамкорликда шу шаҳарда яшаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоялашга доир ишларни олиб боришади.

Мақсад - шундай ташкилотлар ва элчихоналар орқали у ёки бу мамлакатда қийин вазиятда қолган ватандошларимизга ёрдам қўлини чўзиш.

"Биз рўйхат тузишни эмас, ватандошларимиз, айниқса, мамлакатдан ташқаридаги аёлларимизни мурожаат асосида, шахсий ҳаётга аралашмаган ҳолда, ҳимоя қилишга оид ишларни олиб боришни мақсад қилганмиз", - дейилади қўмитада.

 

Мавзуга оид