Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЮНИСЕФ: бугун вакцина учун сарфланган 1 доллар келажакда 44 доллар фойда бўлиб қайтади
Ўзбекистонда 2020 йилда аҳоли саломатлигини сифатли вакциналар ёрдамида ҳимоя қилишда халқаро донорлар кўмаги ўрнига давлат бюджетидан маблағ ажратилишига ўтиш кўзланмоқда. Эмлаш кампаниясининг молиявий масалалари хусусида ЮНИСЕФ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги иштирокидаги давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.
24 апрель куни ҳар йили апрель ойининг сўнгги ҳафтасида ўтказиладиган жаҳон иммунизация ҳафталиги старт олди. Бу йилги ҳафталик тадбирлари «Биргаликда ҳимояланайлик: вакциналар самаралидир» шиори остида бўлиб ўтади.
Мазкур ҳафталикнинг бошланиши муносабати билан ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистоннинг иммунизация сиёсати, аҳолини сифатли вакцина билан ўз вақтида таъминлаш борасидаги ютуқ ва камчиликлар хусусида сўз борди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси соғлиқни сақлаш бўйича мутахассиси Суфанг Гуонинг баён қилишича, бугун вакцина учун ажратилган 1 доллар келажакда 44 долларли фойда бўлиб қайтади.
«Ўзбекистон вакцина препаратларини давлат бюджети асосида харид қилишга ўтиши эътиборга молик қадам, албатта. Шунингдек, иммунизациянинг аҳамиятини мунтазам равишда тўғри тарғиб қилиш, тиббиёт ходимларининг малакасини тизимли равишда ошириб бориш, препаратларни ташиш ҳамда сифатли сақлаш каби масалаларнинг ҳам молиялаштирилишини кўздан қочирмаслик лозим. Энг аҳамиятлиси, аҳолининг қанчаси эмланди, қанчаси эмланмади, бундан қандай натижага эришиляпти каби саволлар бўйича статистик маълумотлар мунтазам равишда ҳамда аниқ рақамлар асосида юритилиши лозим» , – дейди мутахассис.
Республика бош эпидемиологи Нурмат Отабеков иммунизация соҳасида мавжуд ютуқ ва муаммолар хусусида маълумот берди. Унга кўра, мустақилликнинг дастлабки йилларида 6 хил вакцина қўлланган бўлса, ҳозирги кунда аҳоли миллий эмлаш тақвимига асосан 13 турдаги вакцина билан эмланади.
«2008 йилда эмлаш кампанияси учун 5 млрд сўм ажратилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 138 млрд.ни ташкил этади» , – дейди Отабеков .
Иммунизация ишларининг тўғри олиб борилгани натижасида ҳозирда аҳолининг 99 фоизи вакцина препаратлари билан қамраб олинган. Ўзбекистон полиомелит, қизамиқ ва қизилчадан холи ҳудуд сифатида эътироф этилган.
Миллий иммунизация дастури мақбул даражада ишлаётгани, мазкур дастурнинг ҳуқуқий асослари мавжудлиги ҳамда уларнинг амал қилаётгани, эмлаш бўйича техник-консультатив экспертлар гуруҳининг фаолияти йўлга қўйилгани соҳанинг ютуқлари ҳисобланади.
Иммунизация учун давлат бюджетидан пул ажратилиши масалаларининг тўла ҳал этилмагани, эпидемиологларда бошқарув кўникмаларининг мавжуд эмаслиги, вакцинация бўйича кадрлар танқислиги, ходимларнинг иш юкламаси кўплиги ҳамда маошнинг камлиги, жойларда аҳоли ва тиббиёт ходимлари сонининг номувофиқлиги соҳада мавжуд муаммолар ҳисобланиб, улар тўғри ва тезкор ечимни талаб қилади.
ЮНИСЕФ ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ота-оналарни фарзандларини ўз вақтида хавфли касалликларга қарши эмлатишга даъват этади.
Мавзуга оид
18:32 / 08.06.2026
Сунъий интеллект яратган вакцина одамларда муваффақиятли синаб кўрилди
18:24 / 22.05.2026
Эбола янги штаммига қарши вакцина фақат олти-ўн ойдан кейин тайёр бўлади – ЖССТ
18:21 / 06.04.2026
ЮНИСЕФ Эрон расмийларидан болаларни ҳарбий хизматга ёллашни тўхтатишни талаб қилди
14:01 / 19.03.2026