Жаҳон | 21:43 / 25.04.2019
10729
2 дақиқада ўқилади

ГРУ бошлиғи АҚШ яқин орада Куба ва Никарагуада инқилоб уюштирмоқчилигини маълум қилди 

Фото: Jorge Sanz / Globallookpress.com

Вашингтон яқин орада Куба ва Никарагуада инқилоб уюштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кўпроқ ГРУ номи билан маълум бўлган – Россия қуролли кучлари бош штаби бош бошқармаси бошлиғи Игорь Костюков айтиб ўтди.

Костюковнинг таъкидлашича, АҚШ Венесуэлада Лотин Америкаси рангли инқилоби технологиясини “пишитмоқда” ва яқин орада бу технология бошқа давлатларда қўлланиши мумкин. Бундан, жумладан, “АҚШ томонидан молиялаштирилувчи Никарагуа мухолифати атайин номақбул талабларни илгари суриш йўли билан мулоқотни барбод қилаётгани” ҳам дарак беради. 

ГРУ бошлиғининг айтишича, АҚШ Кубада иқтисодий босимни бошлаб, ҳокимиятни ўзгартиришга уринмоқда. Костюков Вашингтон Лотин Америкасини ўз назоратига олишга уриниб, халқаро ҳуқуқ меъёрларини писанда қилмаяпти ва барча салбий оқибатларни ҳисобга олмаяпти. Россия вакилининг фикрича, натижада АҚШ сиёсати минтақадаги хавфсизликка асосий таҳдид ҳисобланади.

Костюковнинг маълум қилишича, Лотин Америкасида “ислом” террорчилари паноҳгоҳи ва уларни тайёрлаш лагерлари пайдо бўлган.  

АҚШ давлат котиби Майк Помпео февралда Вашингтон нафақат Венесуэлада, балки Никарагуа ва Кубада ҳам ҳокимиятни алмаштирмоқчилигини айтганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид