Жамият | 20:53 / 25.04.2019
10693
2 дақиқада ўқилади

Омборхонага айланган масжид қачон тикланади?

Фото: «Миллий тикланиш»  газетаси

Марғилон шаҳри «Узунҳовуз»  маҳалласида жойлашган жомеъ масжиди авария ҳолатига келиб қолган, ундан омборхона сифатида фойдаланиляпти, дея ёзмоқда «Миллий тикланиш» газетаси.

Мақолада келтирилишича, ушбу меъморий обида 19-асрда Худоёрхоннинг укаси Султон Муродбек Марғилон шаҳрига ҳоким этиб тайинланишидан аввалроқ қурилгани тахмин қилинади. Жомеъ масжиди 35х21 метр ўлчамдаги йирик иншоот бўлиб, қишки намозхона ва унга ёндош серустун катта айвондан иборат. Бино шифти ва айвон устунлари нақшлар билан безатилган.

Бинонинг хароб ҳолати ҳақида шу маҳалланинг фуқаролар йиғини раиси Анваржон Бойхоновнинг фикрлари келтириб ўтилган. 

«Масжид узоқ йиллардан бери авария ҳолатида, айвоннинг устунлари чириб, томни базўр суяб турибди. Бино шифтидаги тарихий аҳамиятга эга нақшлар ўзининг асл ҳолатини йўқотган. Масжиднинг деворлари ёрилиб, аянчли аҳволга келиб қолган. Унга ёндош хонадонларда истиқомат қилаётган аҳоли бу ердан омборхона ва бошқа хўжалик ишлари мақсадида фойдаланмоқда» , ─ дейди у.

Марғилон шаҳар кенгаши депутати Шуҳратжон Мадраҳимовга кўра, жойлардаги хароб ҳолатга келган қадамжоларни ўрганиб чиқиш жараёнида мазкур масжиднинг аҳволи билан ҳам танишиб чиқилган. Аммо масжид учун қачон маблағ ажратилиб, тиклаш ва таъмирлаш ишлари бошланиши маълум эмас.

Аввалроқ Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдида 2019 йилда соҳада олиб борилиши режалаштирилган ишлар юзасидан ҳисобот бергани ҳақида маълум қилинганди. Вазирга кўра, жорий йилда мавжуд 7476та маданий мерос объектларидан 5430тасининг давлат кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, 159та объектда ташрифлар сонини электрон ҳисобловчи турникетлар ўрнатиш, 5953та объектда муҳофаза белгиларини ўрнатиш режалаштирилган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид