Паст Дарғомлик безори маҳалла тинчини бузмоқда: Ҳоким, ИИБ бошлиғи ва прокурор жим
Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги ўзларига тинчлик бермаётган бир фуқаро устидан «Мирзо Улуғбек» маҳалласи аҳли Kun.uz’га арз қилиб келди. Таҳририят фуқаролар томонидан ёзилган аризалар, тушунтириш хатлари, маҳалла фаоллари томонидан имзоланган далолатномалар, телефон суҳбати аудиоёзувлари ва адвокатнинг фикрлари билан узоқ танишиб чиқди.
Чархин қўрғонида жойлашган мазкур маҳаллада яшовчи бир гуруҳ фуқароларни қийнаётган муаммо битта — маҳаллада жойлашган, «Баланс Транс Сервис» оилавий корхонасига тегишли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш масканида фаолият кўрсатиб келаётган Санжар Зияев уларни муттасил равишда ҳақорат қилмоқда, зўравонлик билан умумфойдаланишдаги йўлкага эгалик қилмоқчи бўляпти.
Ўз мақсадини амалга ошириш учун у мана шу йўлка ичида жойлашган, маҳалладаги хонадонларни электр энергияси билан таъминловчи трансформатор подстанциясини ҳам кўчириб ташлаш ҳаракатида. Кунларнинг бирида маҳалла аҳли электр чироғи ўчиб қолганидан сўнг трансформатор ёқиб юборилганига ҳам гувоҳ бўлишган.
С.Зияев трансформаторни катта кўчага кўчириб юбориб, йўлкани ўзиники қилиб олмоқчи ва бу ерда автомобилларни ювиш маскани барпо этмоқчи. Шу сабабли, Самарқанд – Каттақўрғон йўли ёқасида кўчириладиган трансформатор учун янги жой ҳам барпо этиб қўйган.
Маҳалла фаоллари С.Зияев маҳаллада 2013 йилдан бери фойдаланиб келаётган бинонинг ҳеч қандай кадастр ва бошқа ҳужжатлари йўқлиги, ҳатто солиқ, газ таъминоти, электр тармоқлари идораларига ҳам ҳеч қандай тўлов қилмаслиги юзасидан ариза беришган. Бироқ солиқ ва МИБдан бирор тайинли жавоб олинмаган. Ҳозирча фақат кадастр идораси чиндан ҳам Зияевнинг «Баланс Транс Сервис» оилавий корхонасига оид кадастр ҳужжатлари йўқлигини тасдиқлаб берди.
Биз С.Зияевдан «Йўлак учун ҳужжатларингиз борми?» деб сўраганимизда «Ҳужжатлар туман кадастр идорасида, улар расмийлаштириб беришяпти» деб айтиб ўтди.
С.Зияев маҳалладаги умумий фойдаланувдаги йўлакни эгаллаб, фуқароларни бу ерга киргани қўймаган ва ариқни кўмиб ташлаган. Бизнинг дастлабки ўрганишимиз чоғида йўлакка дарвоза ҳам ўрнатилган эди. Бир муддат аввал туман ҳокими Ш.Худойбердиевга ушбу вазиятни шахсан тушунтирганимиздан сўнг, ҳокимлик вакилларининг аралашувидан кейин йўлкани беркитувчи ноқонуний ўрнатилган дарвоза олиб ташланди.
Ушбу йўлакдан шу маҳаллада яшовчи, 40 йил ўқитувчи бўлиб ишлаган отахон М.Р. жанжаллардан безиб, ўз хонадонига кирувчи дарвозадан ҳам фойдаланмай қўйган. Ноилож қолган кекса ўқитувчи тайёр кўча тургани ҳолда ўз ҳовлисига кириш учун кўча бўйида жойлашган устахонасидан эшик очган.
С.Зияев ўзи ишлайдиган бино ёнида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасининг ҳам тўлақонли ишлашига монеълик қилиб келмоқда. Бизга айтишларича, ошхона ошпази ва ишчилари муттасил ҳақорат қилинади. Ошхонанинг хўжалик бўлимига ўтиши ва мижозлар ҳожатхонага кириши учун мўлжалланган эшигидан оёқ излари аримайди.
Ошхона мижозлари илгари эгалланмоқчи бўлган йўлка бўйлаб ҳожатхонага ўтишган бўлса, ҳозир улар учун ҳам йўл ёпилган.
У ошхонанинг ёрдамчи биноларидан кўчага чиққан новларни қирқиб, қайириб ташлаган. Бунинг оқибатида сув ҳовлига тўпланиб, ҳовлидаги канализация қудуғининг ҳам тезда тўлиб қолишига сабаб бўлган.
Kun.uz вакиллари борган куни ошхонанинг тўлиб қолган канализация қудуғидан чиқинди сувларини тортиб кетиш учун келган машина киришига тўсқинлик ҳосил қилиш учун дарча олдига уч юк машинасида тош тўкиб, камига ўз енгил автомобили билан кириш йўлини тўсиб олган эди.
Фақатгина маҳалла профилактика инспекторларининг тушунтириши, туман ҳокими ўринбосари Толиб Ҳамзаевнинг аралашуви билан («Текшириб чиқдик: сизда бу жойга эгалик қилиш учун ҳеч қандай ҳужжат йўқ», — деган сўзлар янграгач) машина йўлдан олинди ва қудуқ тозаланди.
С.Зияев ўзига тегишли бинонинг орқа томонидан фуқаро Р.М.нинг кўп йиллик меҳнати эвазига етиштирган мевали ва манзарали дарахтларини кесиб, ўтинларини олиб кетган. Бундан ҳам ачинарлиси, фуқаролар туман атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясига мурожаат қилишганида, инспекция ходимлари «Энди кесиб бўлибди-ку, нима ҳам қиламиз», деган важ билан ҳеч қандай чора кўрмаган.
Маҳалла аҳли билан суҳбатлашар эканмиз, икки соатда ҳам аҳолининг С.Зияевга нисбатан эътирозлари тугай демасди. Яна бир фуқаро Ф.К.нинг ўғлини С.Зияевнинг ити қопиб олган. С.Зияевга бор-йўғи «Итингни боғлаб қўй», дея олган фуқаро Ф.К.нинг бошига у шиша идиш билан уриб тан жароҳати етказади. Бу воқеалардан сўнг қаттиқ қўрқув ва оғир руҳий ҳолатни бошдан ўтказган боланинг онаси оғир хасталикка дучор бўлган.
Аслида, маҳалла аҳлининг сабр косасини тўлдирган жиҳат — уларни қўрқув остида ушлаб, ҳақоратлаб, таҳқирлаб келаётган, илгари бир неча бор судланган фуқаронинг ишлари туман маъмурий судида кўриб чиқилиб, бор-йўғи жарима жазоси қўлланилаётганидир! Зияев эса фуқароларни ҳақоратлаш, таҳдид қилишда давом этмоқда (Ҳақоратлашда давом этаётгани ҳақида таҳририятда аудиоёзув бор. Аммо жуда қўпол ҳақоратларни оммага ҳавола этишни лозим топмадик).
Умуман Зияев иши бўйича ва қарори бўйича саволлар жуда кўп. Тегишли ордери бўлса-да, тергов жараёнининг адвокатсиз олиб борилгани ғалати. Бу ҳақида бугун адвокат ҳам норозилик билдирмоқда. Яна бир қизиқ томони —юқорида тилга олинган суд қарорларида жавобгар С.Зияев «муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилмаган», деб кўрсатилган.
Kun.uz мазкур иш юзасидан жабрланувчининг адвокати А.Шахназаряннинг фикрлари билан қизиқди:
«С.Зияев бир неча бор жиноят қилгани учун судланган, — дейди адвокат. — Биз вилоят ИИБ ахборот маркази билан боғланиб, бу ҳақда аниқ маълумотга эга бўлдик. Айни вақтда маъмурий судлангани бўйича ҳам сўров берганмиз. Умуман, кўплаб фуқароларга нисбатан зўравонлик қилаётган одамга қандай қилиб енгиллаштирувчи ҳолат қўллаш мумкин».
Берилган жазолардан хулоса чиқармасдан, бугун ҳам қонун-қоидаларни оёғости қилиб келаётган инсонга туман суд-ҳуқуқ идоралари ҳаддан ташқари «меҳрибончилик» қилиб юбормаяптимикан? Унда ундан жабр кўраётган маҳалла аҳлига ким меҳр кўрсатади?
Бундай дейишимизнинг сабаби биз бу ҳолат юзасидан туман ҳокими Шунқор Худойбердиевга учраганимизда, ҳоким «Бундай зўравоннинг фаолиятига чек қўйиб, у ноқонуний эгаллаб олган бино ўрнида болалар боғчаси қурамиз», деганида аҳолини тинчлантирдик: вазиятни шахсан ҳоким ўз назоратига олади, деб. Бироқ туман ҳокими маҳаллага бирор марта бормаган ҳам, можароли вазиятни ўрганмаган ҳам. Ҳолбуки, бу жой шундоққина ҳокимнинг уйидан ишга қатнайдиган катта йўл устида. У ҳар куни шу ердан ўтади.
Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Шерзод Қўзиев ҳам бизнинг фуқаролар номидан қилган мурожаатимизга жавобан телефон орқали «Бу ишлар бизнинг ваколатимизга кирмайди», дея жавоб берди.
Бир зўравоннинг атрофдаги йўлга куч билан эгалик қилиб туришига пастдарғомлик масъуллар қандай тоқат қиляпти экан?
Янграётган ҳақорат-у, таҳдидларни бир четга қўя турайлик. Чунки Чархиндаги ИИБ таянч пункти раҳбари, майор Аббос Эшпўлатовнинг тушунтиришича, бу вазиятда жанжал катталашиб, қон тўкила бошласагина ички ишлар ходимлари келиб вазиятга аралашар экан.
Лекин С.Зияевнинг қолган хатти-ҳаракатлари ҳам бориб турган ўзбошимчалик-ку? Эгаллаш ҳуқуқи бўлмаган умумфойдаланувдаги ерни эгаллаш ва дов-дарахтларни ҳеч кимдан сўрамасдан кесиб ташлаш — ўзбошимчалик бўлмай нима?
Дарвоқе, фуқаролар вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сайёр қабулида ҳам шахсан вилоят раҳбарига мурожаат қилишган. Ҳолатни синчиклаб ўрганиш ушбу ҳудуд қарайдиган сектор раҳбари — туман прокурорига топширилган.
Маҳалла аҳлининг маълум қилишича, туман прокурори Асрор Валиев эса бирор марта ўз сектори бўлмиш Чархинга келиб, мазкур ҳолат юзасидан аҳоли билан гаплашмаган, вазиятни ўрганмаган. Қолаверса, бугун туман прокуратураси фуқароларнинг айни масала юзасидан мурожаатларини умуман қабул қилмаяпти экан.
Прокуратура ҳузуридаги туман МИБ ҳам мазкур ҳудудга электр ва газ сарфи бўйича тўловлар ҳақидаги аҳолининг ёзма мурожаатларини жавобсиз қолдириб келмоқда. Таҳририят ходимларининг ҳам Паст Дарғом туман МИБига бу борадаги бир неча оғзаки сўровлари жавобсиз қолди.
«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг «Мирзо Улуғбек» маҳалласи раиси Шуҳрат Турғунбоев номига ёзган хатида трансформатор кўчирилмаслигини баён этган. Лекин шунга қарамасдан, С.Зияев шу кунларда яна бир бор монтёрлар ёрдамида трансформаторни кўчага кўчиришга уринган. Фақатгина маҳалла аҳлининг кескин норозилигидан сўнг бу иш амалга ошмай қолган.
Нима ҳам дердик — вазият оғир. Қийналаётган аҳолига ваколатли давлат ҳокимияти органлари ёрдам кўрсатишдан ё ожиз, ё буни исташмаяпти. Сабабини эса ҳеч ким билмаяпти. Kun.uz эса Чархинда рўй бераётган мазкур вазиятни кузатишда давом этади.
Ш.Шокиржонов, А.Мустафоқулов,
Kun.uz мухбирлари.
Мавзуга оид
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024