Жаҳон | 23:15 / 25.04.2019
6423
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланкадаги терактлар қурбонлари сони 100 нафарга ошириб юборилгани айтилди

Фото: Thomas Peter / Reuters

Шри-Ланкада католик черковлар ва меҳмонхоналардаги портлашларда ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотлардагидан тахминан 100 нафарга камроқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятнинг икки нафар юқори лавозимли амалдорига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

24 апрелдаги маълумотларга кўра, 21 апрелда содир этилган терактларда 359 киши ҳалок бўлган, яна 500 га яқин одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Шри-Ланка соғлиқни сақлаш хизмати бош директори Анил Жасингхенинг маълум қилишича, қурбонларнинг реал сони 250-260 нафар бўлиши мумкин.

“Аниқ айта олмайман. У ерда сочилиб ётган кўплаб тана қисмлари бор эди ва аниқ сонни айтиш қийин”, деб айтган Жасингхе.

Ўз навбатида мудофаа вазири ўринбосари Руван Вийеварден қурбонлар сони ўликхоналар томонидан тақдим қилинган ноаниқ маълумотлар сабабли 253 нафаргача камайиши мумкинлигини айтган.

Шри-Ланкада 21 апрелда пойтахт Коломбо, унинг атрофидаги ҳудудлар, Негомбо ва Баттикалоа шаҳарларида 8 та портлаш содир этилган. 3 та портлаш Пасха нишонланиши вақтида черковларда, қолганлари эса меҳмонхоналарда амалга оширилган.

Ушбу портлашлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид