Жаҳон | 22:00 / 25.04.2019
22393
4 дақиқада ўқилади

Украинада давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинди. Унга кўра рус тилидан фойдаланиш чекланади

25 апрель куни Украина Олий Радаси «Украин тилининг давлат тили сифатида фаолият юритишини таъминлаш» тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу қонун яқин орада ваколатларини топширадиган амалдаги президент Петро Порошенко учун жуда муҳим эди, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёни бир неча ой вақт олди - депутатлар қонунни Порошенко кетишидан олдин қабул қилишга улгуришди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг тарафдорлари фикрича, қонун украин тили ривожини таъминлайди, қаршилар эса бу қонун бошқа тилда сўзлашувчиларни камситишидан эътироз билдиришди.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида, уни биринчи ўқиб чиқиш вақтида кўплаб депутатлар лойиҳани қайта ишлаш зарурлигини билдиришди. Иккинчи ўқишгача депутатлар 2 мингдан ортиқ тузатишлар тайёрлашди.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёни Украинадаги президентлик сайловларининг биринчи туридан аввал бошланганди. 21 апрель куни, сайлов натижалари маълум бўлгач, Петро Порошенко агар депутатлар яқин вақт ичида қонун лойиҳасини маъқуллашса, давлат тили ҳақидаги қонунни имзолашини билдирди.

Украина президентлиги учун сайловда ғолиб чиққан Володимир Зеленський бу қонунга уни ўқиб чиққанидан кейин муносабат билдиражагини айтди. «Президент сифатида лавозимга киришганимдан кейин бу қонунни синчиклаб ўрганиб чиқаман, унда Украинанинг барча фуқароларининг конституцион ҳуқуқлари таъминланганига амин бўлишим керак. Давлат украин тилини ҳеч қандай тақиқларсиз ва жазоларсиз ривожлантириши керак», деганди Зеленський.

Президент бу қонун қабул қилиниши ортидан фейсбукдаги саҳифаси номланишини Владимир Зеленскийдан Володимир Зеленськийга ўзгартирди.

Қонунни кўриб чиқиш кунида Олий Рада биноси олдида ташаббускорларни қўллаб-қувватловчилар митинг уюштиришди.

Фото: EPA

Депутатлар қонуни қабул қилишди - 278 нафар депутат «ҳа» деди.

Раданинг маданият ва дин масалалари бўйича қўмитаси раиси Николай Княжинцкий маълум қилдики, қонун лойиҳаси «иккинчи ўқишга тайёрланган лойиҳадан жуда ҳам кўп фарқ қилмайди».

«Биз 3 йиллик маъмурий жазо қўллашни кечиктирдик, жиноий иш очиш кўзда тутилмаган», дейди депутат.

Овоз бериш жараёни бошланишидан олдин Олий Рада спикери Андрей Парубий депутатларга мурожаат қилди: «Тил бирлаштиради. Тил бор жойда ғалаба бўлади».

Украин тили - ягона расмий тил
Қонунга кўра украин тили - мамлакатдаги ягона давлат тилидир. Маҳаллий ҳукумат органларининг украин тилини қўллаш бўйича қандайдир аралашувлари тақиқланади. Қонун лойиҳасининг дастлабки таҳририда бошқа тилга расмий мақом беришга уринишлар конституциявий тузумни мажбурлаб ўзгартириш ёки ағдаришга уриниш сифатида баҳоланганди. Қабул қилинган вариантда эса бундай банд мавжуд эмас.

Қонун Украина фуқароларига украин тилини билиш мажбуриятини юклайди ва бошқа тиллардан, айниқса рус тилидан фойдаланишни чеклайди. 

Янги қонун ҳар бир фуқаро давлат тилини билишини талаб қилади. Украина фуқаролигини олмоқчи бўлганлар тил бўйича имтиҳондан ўтиши шарт бўлади.

Украинанинг барча ҳудудларида украин тилини ўргатиш марказлари очилади, уларда тил ўрганиш бепул йўлга қўйилади.

Қонунда давлат тилида гапириши ва унда хизмат жараёнида фойдаланиши зарур бўлган шахслар тоифалари белгиланган. Булар президент, ҳукумат аъзолари, парламент депутатлари, миллий банк хизматчилари, зобитлар, педагоглар, давлат тиббиёт муассасалари ходимлари.

Қоидабузарлик учун жазо
Қонунда кўрсатилган нормаларни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Лекин қоидабузарлар қонун кучга кирганидан 3 йил муддат ўтиб жавобгарликка тортилиши жорий этилади.

Ҳужжатлар ва ҳуқуқ-тартибот идораларида тилдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун 3400 гривнадан 6800 гривнагача (127 доллардан 254 долларгача) миқдорида жарима белгиланган. Маданият, таълим ва реклама соҳасидаги қоидабузарликлар учун 3400 гривнадан 5100 гривнагача (191 долларгача) жарима қўлланади. Босма оммавий ахборот воситаларидаги хатоликлар учун 6800 гривнадан 8500 гривнагача (318 долларгача) жарима кўзда тутилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид