Жамият | 20:32 / 25.04.2019
18436
2 дақиқада ўқилади

Харобага айланган Сардоба

Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган «Ёғочли сардоба» тарихий обидаси ачинарли ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақида Mahalla нашрида мақола эълон қилинди.

Муаллифнинг ёзишича, айни аҳволдан бу жой қачонлардир Буюк Ипак йўли карвонларининг севимли масканларидан бири сифатида қайноқ ва гавжум шаҳар бўлганига ишониш қийин.

Обиданинг атрофи темир панжара билан тўсилган, дарвозаси эса бир парча мато билан боғлаб қўйилган. Теварак-атрофи чиқиндилар билан тўла, ёнидаги иккита бинонинг қурилиши ҳам якунига етмаган. «Ёғочли сардоба»  жойлашган ҳудудда сайёҳлар учун деярли шароит йўқ.

«Ёғочли сардоба»  «Тошкент — Самарқанд — Бухоро»  шаҳарларини боғловчи автомагистраль йўл ёқасида жойлашган. Ушбу ўзига хос ёдгорлик бу автомагистраль йўлдан ўтувчилар учун ҳам қизиқарли бўлиши табиий. Шу сабабли ёдгорлик туристик маршрутга киритилса, сайёҳлар Мирзачўлнинг Буюк Ипак йўлида тутган ўрни тўғрисида кўплаб маълумотларга эга бўлишларига ёрдам беради» ,– дея баён этади муаллиф.

Маълумот учун, Сардоба ҳақидаги илк маълумот Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг «Абдулланома»  асарида келтирилган. Бухоро хони Абдуллахон II Тошкентга юриши чоғида шу ҳудудда ҳордиқ чиқариш учун тўхтаб, сувсизликдан қийналган аскарлари учун сардоба ва карвонсарой қуришни буюради.

Иншоотнинг ғиштлари квадрат шаклда бўлиб, гумбазнинг ички диаметри 15, баландлиги 12 метр. Сардобанинг ички қисмида ердан 2 метр баландликда ёпиқ, уясимон туйнуклар жойлашган. Деворининг қалинлиги пастки қисмида 1,5 метрни ташкил этса, юқорига кўтарилган сари юпқалашиб боради ва энг юқори қисмида унинг қалинлиги бир ғишт кўринишига келади. Унга фақатгина шимол тарафдан кирилган. Қолган уч тарафида арк кўринишидаги туйнуклар бўлган. Кириш арксимон бўлиб, ундан ғиштли зинапоялар орқали сардоба ичкарисига ўтилган.

Мавзуга оид