«Инсоният учун даҳшатли сабоқ» – россиялик журналистлар Орол денгизи ҳақида лавҳа тайёрлашди
7-8 май кунлари Орол денгизини қутқариш халқаро фонди ижроия қўмитаси ушбу сув ҳавзаси билан чегарадош мамлакатларга ёрдам бериш дастурини муҳокама қилади. Шу муносабат билан “Россия” телеканали мухбирлари бугунги кундаги Орол денгизи тўғрисида кўрсатув тайёрлашди.
“Ўз вақтида дунёда катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда турувчи кўл ҳисобланган Орол денгизи бир авлод алмашинуви давомида жонсиз саҳрога айланди. Орол фожиаси табиат инсоннинг нооқилона муносабатига нисбатан кескин жавоб қайтариши мумкинлигини кўрсатади. Бир пайтлар бу ерда денгиз бўлганини фақатгина чиғаноқлар ва занглаган кемаларгина ёдга солади. Ҳар бир кема ортида эса ўнг минглаб оилалар тақдири ётади”, дейди телеканал мухбири.
Маълумот берилишича, атиги ярим аср олдин унинг майдони деярли 70 минг кв. кмни ташкил этган. Ҳудудда даромаднинг асосий манбаи балиқчилик ҳисобланган. Пахта далаларини суғориш учун денгизга қуйилувчи дарёларнинг буриб юборилишидан сўнг вазият кескин ўзгарган. Денгизнинг қуриши оқибатида тузли бўронлар юз бера бошлади.
Мухбирнинг сўзларига кўра, умумий майдони олти миллион гектарни ташкил этувчи қуриган денгиз тубидан йилига 150 миллион тоннагача зарарли чанг-тўзон кўтарилади. Орол денгизининг тузи ҳаттоки Арктикада ҳам топилган.
Бугунги кунда улкан кўлдан кичкинагина сув ҳавзаси ва инсоният учун даҳшатли сабоқ қолди, дея фикрини якунлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Норвегия ҳукумати ва БМТнинг Кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги офиси БМТнинг Ўзбекистонни Оролбўйи ҳудуди учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 9,5 миллион Норвегия крони (қарийб 1,1 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги тўловни тасдиқловчи стандарт шартномани имзолаганди.
Куни кеча Хитойда “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келган экологик вазиятни бартараф этиш умумий вазифа эканини таъкидлади. Ўзбекистон президенти шерикларни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди ҳамда Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонаси фаолиятида иштирок этишга чақирди.
Жорий йил февралида Вазирлар Маҳкамасининг “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” - ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.
Мавзуга оид
11:40 / 08.02.2023
Орол қуриган тубида 100 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этилади
14:04 / 01.02.2023
Орол денгизи қуриган тубида ўрмонзорлаштиришнинг навбатдаги мавсуми бошланди
09:05 / 11.11.2022
Ўзбекистон ва ЕХҲТ Орол қуриш оқибатларини юмшатиш лойиҳасини амалга оширмоқчи
09:43 / 26.09.2022