Ўзбекистон | 08:53 / 27.04.2019
4174
4 дақиқада ўқилади

Қонунчилик ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш механизми жорий қилинди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан илғор халқаро амалиётга асосланган қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш Методикаси ишлаб чиқилди ва Адлия вазирлигида 2019 йил 19 апрелда 3155-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди

Лойиҳалар ва амалдаги қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларда товар ва молия бозорларида рақобатни бевосита ёки билвосита чеклайдиган ҳолатларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган тегишли чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.

Рақобатга таъсирни баҳолаш Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 2 та усулда, яъни, “ex-ante” – лойиҳаларни ва “ex-post” – амалдаги қонун ҳужжатларини рақобатга таъсирини баҳолаш тарзида амалга оширилади.

“Ex-ante” усули бўйича рақобатга таъсирни баҳолаш. Бунда, қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳалар Монополияга қарши курашиш қўмитасига мажбурий тарзда киритилади, яъни:

а) янги чекловларни, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар ва лицензиянинг янги турларини киритиш;

б) лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни, шунингдек қўшимча техник тартибга солиш шартларини жорий этиш;

в) товар ёки молия бозори иштирокчиларида ортиқча харажатларга олиб келиши мумкин бўлган талаблар (шартлар)ни киритиш;

г) товар ёки молия бозори иштирокчиларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёз, кафолат ҳамда бошқа преференциялар белгилаш, шунингдек айрим товар ёки молия бозори иштирокчиларига эксклюзив ҳуқуқларни бериш;

д) табиий монополия субъектларининг товар (иш, хизмат)лари нархи (тариф)ни ва бошқа тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) ошириш;

е) истеъмолчилар ёки товар ва молия бозори иштирокчилари учун инфратузилма ва табиий монополия субъектларининг товар (иш, хизмат)ларидан фойдаланиш шартларини ўзгартириш;

ж) табиий монополия субъектларини товар ва молия бозорларида иштирокини мавжудлиги;

з) давлат корхоналари ва табиий монополия субъектларини ташкил этиш ва қайта ташкил этиш;

и) товар ва молия бозорларида давлат иштироки ёки давлат органларининг исталган кўринишдаги ҳаракатларининг мавжудлиги;

к) товар ва молия бозори иштирокчиларининг исталган кўринишдаги ресурслар, жумладан хом ашё, материаллар, ишчи кучи ва молиявий ресурслардан фойдаланиш шартларининг ўзгариши.

Лойиҳанинг рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича Қўмитанинг хулосаси лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.

Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан Регламентга асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси хулосаси лойиҳа билан бирга ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши учун Адлия вазирлигига тақдим этилади.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилганда унга Қўмита хулосаси мажбурий тартибда илова қилинади.

Қўмита хулосасида лойиҳани қабул қилиниши рақобат муҳитига салбий таъсири кўрсатилганда, ушбу ҳужжат лойиҳани қабул қилувчи томонидан уни қабул қилмаслик учун асос сифатида қаралади.

“Ex-post” усули бўйича рақобатга таъсирни баҳолаш. Бунда, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари йилига камида икки маротаба хатловдан ўтказилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси амалдаги қонун ҳужжатини рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид деб топганда:

- юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатлари юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда таклифлар киритади;

- вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари юзасидан – рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиш ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдимнома киритади.

Мавзуга оид