Жаҳон | 23:37 / 28.04.2019
10679
2 дақиқада ўқилади

АҚШда собиқ иттифоқни ядровийсизлаш архитектори вафот этди

Фото: Louie Palu / GlobalLookPress

АҚШнинг Индианаполис шаҳрида халқаро ишлар бўйича эксперт Ричард Лугар 88 ёшида вафот этди. 

XXI асрнинг глобал муаммоларини ўрганиш билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот институти бўлган Лугар маркази маълумотларига кўра, Лугар аутоиммун неврологик касаллик сабабли вафот этган.

Лугар бир неча ўн йиллар давомида АҚШ сенатининг халқаро ишлар қўмитасида ишлаган ва икки марта унинг раиси бўлган. У ҳукуматга қуролларни қисқартириш дастурларини ишлаб чиқишда ёрдам берган. Жумладан, Лугар сенатор Сэм Нанн билан бирга АҚШ Россияга керак бўлмаган совет даврида ишлаб чиқарилган ядро жанговар каллаклари ва баллистик ракеталарни йўқ қилишга пул ажратган дастурни ишлаб чиққан. Айнан Лугар ва Нанн саъй-ҳаракатлари эвазига Украина, Қозоғистон ва Беларус ядро қуролисиз қолган.

“Ҳар бир ядровий ўқ-дори омбори хавф солади: террорчилар уларни ўғирлашга уриниши, уларни қўриқловчи персонал эса нафсига берилиб, уларни қора бозорда сотиши мумкин. Биз АҚШ ҳарбий базасига ҳужумнинг эртаси куни бу саволларни беришни истамаймиз”, деб айтган Лугар 2005 йилда.

Лугар шунингдек 1996 йилда президент сайловларига номзодини қўйган, бироқ муваффақиятсизликка учраган. 

2018 йилда Грузияда Тбилиси яқинида жойлашган Лугар номидаги лаборатория билан боғлиқ можаро авж олган. Грузиянинг собиқ давлат хавфсизлиги вазири Игорь Гиоргадзе ушбу лабораторияда одамлар устида тажрибалар ўтказилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳужжатларни эълон қилган. Бу тажрибалардан баъзилари синалувчиларнинг ўлими билан якунланган. Гиоргадзе маълум қилганидек, гепатит С’ни даволаш бўйича тажрибалар вақтида камида 70 киши вафот этган. Ҳужжатларда беморлар ҳақида маълумотлар келтирилмаган. Таъкидланишича, лабораторияда 2015 йил декабрда ўлган 30 кишидан 24 нафари бир кунда вафот этган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид