Рашид Маликов билан суҳбат: Америка ёшлари, ўзбек киноси муаммолари ва «Ўзбеккино»га тавсиялар
Kun.uz «Чинор остидаги дуэль», «Келинлар қўзғолони» фильмида актёрлик, «Тоға», «Сабот» фильмларида режиссёрлик иши билан танилган санъат намояндаси Рашид Маликов билан жамият ва ёшлар, машҳур киномукофотлар, ўзбек фильмларидаги такрорий мавзулар, замонавий ўзбек киносанъати савияси тўғрисида суҳбатлашди.
Суҳбат давомида Рашид Маликов ёшларбоп фильмлар тўғрисида ўз фикрлари билан бўлишди ва АҚШ фентези фильмларидаги ёндашув тўғрисида сўзлади.
«Флагман кинематографияси – АҚШни мисол қилиб олсак, кинематографиясининг деярли 60-70% қисми ёшлар учун олинган фильмлардир. Шунинг учун ҳам, Marvel кинокоинотининг фильмларига талаб кучли. Қанчадан-қанча суперқаҳрамонлар ҳақида фильмлар суратга олинган.
Ўрта ёшдаги одамлар ушбу фильмларни эртак ёки чўпчак дея аташи мумкиндир, лекин эътиборли жиҳати фентези жанридаги бу фильмлар юксак маҳорат билан суратга олинган.
Америка фильмларида доимо ижобий қаҳрамон ғолиб келади. Бу жанрдаги фильмлар олди-қочди мавзуларда бўлса-да, ёшларга ибрат бўладиган жиҳатлари талайгина. Ёшларни фақат жиддий фильмларга йўналтириш ҳам тўғри эмас, вақти билан уларнинг ўзи жиддий мавзулардаги фильмларни кўришга интилишади.
Афсуски, ўзбек киносида бошқа бир муаммо бор. Хусусий фильмлар, уларни қўполроқ айтганда, «хонтахта фильмлар» дейишади. Хусусий фильмларда асосан, арзон жанр – мелодрамага мурожаат кўп учрайди. Аслида «олди-қочди» фильмларга кўпроқ маблағ ва меҳнат кетади.
Бизда-чи, актёр ва актрисаларни битта уйга олиб кириб, қайнона-келин муаммолари, комедия мавзуларида кино олиш урф бўлди. Бу фильмлар, менинг назаримда, ёшлар учун зарарли. Чунки йиллар давомида ёшлар қайнона-келин, бой-камбағал муносабатлари ҳикоя қилиб келинган фильмларни томоша қилди. Ҳиндистонда ҳам шундай шоҳона ҳаёт акс этган фильмларни яхши кўришади. Арзон-гаров мавзуларни кўрган ёшлар, табиийки, ҳаёт ва турмуш фақат қимматбаҳо буюмлар-у овунчоқлардан иборат деб ўйлашни, бир-бирини ғажишни бошлайди.
10-15та шундай жанрдаги фильмни кўрган ёшлар эртага «унақа ваъдани беришганди», «бунақа турмуш бўлиши керак эди» деб, қаноатсизлик қилиб, оиласидан ажралиб кетаётганининг гувоҳи бўляпмиз.
Ёшларга ўрнак бўладиган фильмлар, афсуски, анча йиллардан буён йўқ. «Ўзбеккино» сийқаси чиққан мавзулар - фақат ва фақат қайнона-келин, бойнинг қизи – камбағал йигит ёки бой йигит – камбағалнинг қизи муносабатлари ҳақида кино олиш ўрнига ёшларга чиндан ибрат бўладиган фильмлар тасвирга олиш ҳақида бир ўйлаб кўрса бўларди», дейди санъаткор.
Маълумот учун, актёр, режиссёр ва сценарийнавис Рашид Маликов 1958 йилда Москвада туғилган. 1980 йилда Тошкент тиббиёт институтини, 1986 йилда Бутунроссия давлат кинемагрофия институтини тамомлаган. 1993 йилда АҚШда Film in USA дастури доирасида малака оширган.
Бир қатор халқаро киномукофотлар совриндори. 2018 йил 40-Москва Халқаро кинофестивалида «Сабот» фильми учун Россия кинематографчилари иттифоқининг киношунослар ва кинотанқидчилар гильдияси совринини, Киноклублар федерацияси дипломини (Ҳакамларнинг махсус эътирофи йўналишида) қўлга киритган.
Рашид Маликов билан интервьюнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Мавзуга оид
15:38 / 02.10.2023
“Давлат кино соҳасида бугунги шовқин-суронни эмас, эртанги шон-шарафини ўйлаб иш қилсин» – киношунос
15:13 / 01.10.2023
Чой, кофе ташишдан кинорежиссёрликкача – “даҳшатлар қироли”дан 1 долларга ҳикоя сотиб олган ўзбек қизи
11:12 / 21.09.2023
“Цензура ва мафкура тиқиштиравериш оқибати” — ижодкорлар ўзбек киносидаги савиясизлик ва уни қандай қутқариш мумкинлиги ҳақида
14:20 / 13.09.2022