“Тошкент ёғ-мой комбинати” номи билан машхур завод бўлган. Унда бир вақтлар минглаб одамлар ишлаган, рўзғор тебратган. 2022 йилда комбинат хусусийлаштирилиб, 2025 йилда тугатилган. Бу вақтда комбинатнинг ўнлаб ишчиларидан қарийб 10 млрд сўм қарзи бўлган. Мол-мулклари сотилиб, бинолари бузилиб кетган комбинатнинг қарзини қоплашга ярагулик хеч вақоси йўқ. Ҳужжатда 2 та юк машинаси бор: уларнинг ҳам қаерда экани "номаълум".
Тарихий заводнинг тугатилиши
Бир вақтлар Яшнобод туманида “Тошкент ёғ-мой комбинати” номи билан машхур завод бўлган. Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси 2022 йил ноябрида “Тошкент ёғ-мой комбинати” акциядорлик жамиятидаги 56 фоиз давлат улушини “Toyloq Toza Hudud” масъулияти чекланган жамиятига сотган.
Кейинроқ, 2024 йил июнида комбинатнинг акциядорлари уни ихтиёрий тугатишга қарор қилади ва И.Ирназаров тугатиш бошқарувчиси этиб тайинланади.
Тугатувчининг 2025 йил 21 январдаги онлайн аризасига асосан жамият ихтиёрий тугатиш жараёнига ўтказилган ва 2025 йил 21 май куни Яшнобод туман давлат хизматлари маркази “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖни давлат реестридан чиқарган.
Ҳақдорлар бор эди…
Аммо бу пайтда комбинатнинг ўнлаб ишчилари меҳнат қонунчилигининг қўпол бузилишларидан жабр кўраётган, миллиардлаб ҳақларини ундира олишмаётган эди.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди “Тошкент ёғ-мой комбинати”дан унинг турли цехларида фаолият юритган эллик нафардан ортиқ ишчиларига иш берувчининг айби билан бекор туриб қолган вақт учун иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириб беришни назарда тутувчи қарорлар чиқарган.
“Ўлган ўлолмаган” комбинат
Пулни ундиришнинг ягона йўли комбинатни тиклаш эди. Ишчилар бор ҳаракатни шунга қаратишди ва суд орқали бунинг уддасидан чиқишди.
Тошкент туманлараро маъмурий судининг 2025 йил 4 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖни давлат реестридан чиқариш ва тугатиш ҳақидаги ваколатли орган ёзувлари ҳақиқий эмас деб топилди.
«Жуда катта ҳудуд эди. Ҳозир мана шу катта ҳудудни бузиб ташлаб, кўзимиз олдида бизни ишсиз қолдириб уй қуришяпти. Одамларнинг кўз ёши устига уй қуришяпти, ишсизлиги устига уй қуришяпти. Биз акционерлар билан ҳисоб-китоб қилишмади. Ноқонуний бизни ишдан бўшатгани учун олий суд қуйи инстанциялар ишга тиклаб қўйди, пулларимизни ундириб берди, лекин шуларни ижро қилишдан бош тортишяпти. Бизнинг ҳуқуқларимизни поймол қилишяпти.







