Жаҳон | 22:09 / 30.04.2019
12634
2 дақиқада ўқилади

Олимлар неча йилдан сўнг Facebook’даги марҳум фойдаланувчилар сони тирик фойдаланувчилардан кўпроқ бўлишини аниқлашди 

Оксфорд интернет институти (OII) олимлари 50 йилдан кейин Facebook’даги марҳум фойдаланувчилар сони тирик фойдаланувчилар сонидан кўпроқ бўлишини аниқлашди. Бу ҳақда EurekAlert хабар бермоқда.

Тадқиқот натижаларига кўра, 2100 йилга келиб, ижтимоий тармоқларнинг 1,4 млрд фойдаланувчиси вафот этади. Шу тариқа, 2070 йилдаёқ ижтимоий тармоқнинг марҳум фойдаланувчилари сони тирик фойдаланувчиларга қараганда кўпроқ бўлади. 

Таҳлил иккита сценарийни назарда тутади:

Фойдаланувчилар сони 2018 йилдаги даражада қолади. Ана шунда Осиё мамлакатларидаги марҳум фойдаланувчилар улуши аср сўнгига келиб жами миқдорнинг 44 фоизини ташкил этади. Ушбу профиллардан деярли ярми Ҳиндистон ва Индонезияга тўғри келади ва 2100 йилга келиб 279 миллиондан сал камроқ кўрсаткични ташкил этади. 

Facebook аудиторияси жорий ўсиш суръатини давом эттиради, яъни барча мамлакатларда максимум кўрсаткичга етгунга қадар ҳар йили 13 фоизга ўсишни қайд этади. Бу ҳолатда аср сўнгига келиб, марҳум фойдаланувчилар сони 4,5 миллиард кишидан ортиши мумкин. Бунда Африка энг тез ўсувчи улушни ташкил этади, Нигерия эса етакчига айланади. Ғарб мамлакатларидан биринчи ўнталикка мазкур тоифа бўйича фақат АҚШ киради.

OII олимлари мазкур статистика вафотидан кейин қолдирилган маълумотларга эгалик ҳуқуқи ва ундан қандай фойдаланилиши бўйича янги саволларни юзага келтиришини қайд этишмоқда.

Facebook фаол фойдаланувчилари сони 2017 йилнинг тўртинчи чорагида 2,13 млрдни ташкил этди. Ҳар куни дунё бўйича 1,4 млрд киши мазкур тармоқдан фойдаланмоқда. Улардан 185 миллиони АҚШ ва Канадага, 278 миллиони Европага, 561 миллиони Осиё-Тинч океани минтақасига ва 470 миллиони бошқа бозорларга тўғри келмоқда. 

Мавзуга оид