Жаҳон | 23:26 / 01.05.2019
5871
2 дақиқада ўқилади

2018 йилда дунё бўйича умумий ҳарбий харажатлар 1,8 триллион долларни ташкил қилди 

Фото: Depositphotos

2018 йилда дунё бўйича умумий ҳарбий харажатлар 1,8 триллион долларни ташкил қилди. Бу эса 2017 йилдагига нисбатан 2,5 фоиз кўпроқ бўлган. Бу ҳақда дунё муаммоларини ўрганувчи Стокҳолм халқаро институти докладида айтилган.  

Ушбу харажатлар бутун дунёдаги гуманитар эҳтиёжларни таъминлаш учун зарур бўлган маблағдан 80 марта кўпроқни ташкил қилади.

Ҳарбий харажатлари энг катта бўлган давлатлар бешталигига АҚШ, Хитой, Саудия Арабистони, Ҳиндистон ва Франция кирган. Улар улушига ҳарбий мақсадларда қўлланган барча маблағларнинг 60 фоизи тўғри келади.

Вашингтоннинг қуролланишга бюджет ажратмалари 2010 йилдан бери илк бор кўпайган. 2018 йилда бу маблағлар 4,6 фоизга ошиб, 649 млрд долларни ташкил қилган. Бу қиймат ушбу рўйхатда АҚШдан келувчи 8 та давлатнинг умумий ҳарбий харажатларига тенг. 

Ҳарбий харажатлари ҳажми энг катта бўлган давлатлар рейтингида Россия 6-ўринни эгаллаган. 2017 йилга нисбатан Россиянинг ҳарбий харажатлари 2018 йилда 3,5 фоизга қисқарган ва 61,4 млрд долларни ташкил қилган.  

Мутахассислар Болгария, Латвия, Литва, Руминия, Польша ва Украинада ҳарбий харажатлар кўпайганини қайд қилиб ўтишган. Улар бу тенденцияни “Россия томонидан хавфлар борасидаги хавотирлар ошаётгани” билан боғлашган. 

2018 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар Берлин девори қулаган вақтдан бери энг юқори даражага етган. Айни вақтда қуролланишга сарфланаётган дунё бўйича умумий маблағ дунё ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизини ташкил қилади. Бу эса умумий ҳарбий харажатлар ҳажми дунё аҳолисининг ҳар бир вакилига 239 доллардан тўғри келишини англатади.  

Мавзуга оид