Жаҳон | 21:30
1079
7 дақиқада ўқилади

Ўлимга тик боққан одам – вулқон лаваси остида қолган фотограф

1980 йил май ойида АҚШда қайғули ҳодиса содир бўлади. Таниқли фотограф Роберт Ландсберг мамлакатнинг шимолий-ғарбида жойлашган Сент-Ҳеленс вулқони кратерини суратга олаётганда у уйғониб қолади. Шунда фотограф қочиш ўрнига ўз ишини давом эттиради ва ўша ерда ҳалок бўлади.

Дунёда шундай одамлар борки, улар ҳар доим ақл ва мантиқ билан иш тутишади. Ҳозир сизга ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган воқеамиз қаҳрамони америкалик фотограф Роберт Ландсберг ҳам ана шундай инсонлардан бўлган.

Узоқ йиллар давомида турли нашрлар ва ўз коллекцияси учун суратларни тасвирга туширган бу шахс табиат ҳодисаси – вулқон отилиши туфайли ҳалок бўлади.

Ўшанда Сент-Ҳеленс вулқонида тўсатдан кучли портлаш содир бўлганида Роберт ҳам бошқаларга ўхшаб хавфсиз жойга қочишга уринса бўларди.

Бироқ вазиятни баҳолаган фотограф қочгани билан жонини асраб қололмаслигини англаб етади ва ўз ишини давом эттиради. Ўшанда у плёнка солинган сумкани танаси остига беркитган ҳолда, ўлимни мардона кутиб олади. Ана шу иши уни дунёга машҳур қилади.

Фото: Wikipedia

Корея уруши қатнашчиси

Қаҳрамонимиз 1931 йилда АҚШнинг Сиэтл шаҳрида туғилади. Мактабни битиргач, 1951-1959 йиллар оралиғида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари сафида хизмат қилади.

Ана шу хизмат даврида Корея яриморолида фуқаролар уруши содир бўлади ва Роберт АҚШ армияси сафида жанубликлар томонида туриб жанг қилади.

Ҳарбий хизматдан сўнг Роберт фотография ва филм суратга олишга қизиқиб қолади У АҚШ бўйлаб саёҳат қилиб, мамлакатнинг диққатга сазовор жойларини суратга туширади, киноплёнкага муҳрлайди.

1970 йилда Роберт нашрларнинг бирида фотограф бўлиб ишлай бошлайди. Ўша йили у суратга олган “Жанубий Орегон, истаклар амалга ошадиган жой” ҳужжатли филми “Туризмни риволантиришга ҳисса қўшган филм” номинациясида мукофотга сазовор бўлади.

1978 йилда Роберт тасвирга олган суратлар Орегон штатининг Портленд шаҳридаги 16 та турли жамоат биноларига илиб қўйилади.

Ўша пайтларда у бир неча марта Вашингтон штатида жойлашган Сент-Ҳеленс вулқонига боради. Роберт у ерда вулқон ўзгаришларини тасвирга туширади. Бироқ унинг навбатдаги ташрифи фожиали якун топади.

Фото: alamy.com

Сент-Ҳеленс вулқонидаги портлаш

Сент-Ҳеленс вулқони дунёдаги энг узун – Кордилиера тоғ тизмасининг Вашингтон штатидаги қисмида жойлашган.

1980 йил март ойидан бошлаб вулқон жойлашган Каскад тоғлари ҳудудида бир неча марта зилзилалар рўй беради. 27 март куни вулқонда жуда катта портлаш содир бўлади ва унинг кратеридан осмонга кул, тутун ҳамда газдан иборат масса кўтарилади.

Вулқоншунослар Сент-Ҳеленсда янада кучлироқ портлаш содир бўлиши мумкин деган хулосага келишади. Апрел ойи давомида вулқондан кул ва тутун чиқиб туради.

Натижада Сент-Ҳеленснинг шимолий ёнбағри кул билан қопланади. Ўшанда вулқон кратери ёқасидаги бўртиқ кунига 1,5 метр тезликда ўса бошлайди ва 12 майга келиб унинг баландлиги 200 метрга етади.

17 май куни вулқоншунос Дэвид Жонстон вулқонни кузатиш учун кузатув пунктига боради. У Сент-Ҳеленсни “пилиги ёқилган бомба” деб атайди.

Фото: ekstrabladet.dk

Эртаси куни, 18 майда вулқонда кучли портлаш содир бўлади ва Дэвид Ванкувердаги ҳамкасбларига радио орқали ваҳима аралаш “У ҳаракатни бошлади” деб хабар беради.

Ўшанда кучли портлаш оқибатида Сент-Ҳеленс тоғининг шимолий томони бутунлай қулаб тушади ва бу беш млрд тонна тош аралаш массани силжитган кўчкига сабаб бўлади. Ўша кўчки жуда кўп миқдордаги кул, тошлар, дарахтлар ва ер жинсини пастга олиб тушади.

Вулқондан тепага ва ёнга отилиб чиқаётган кул аралаш лава тоғ ёнбағридан иссиқ газли ҳаво оқими билан бирга атрофга тарқала бошлайди.

Портлашдан сўнг пайдо бўлган “Плиниан устуни” вулқон кулини ҳавода тахминан йигирма километр баландликка кўтаради. Сўнг кучли шамол кулни узоқларга учириб кетади. Ўшанда вулқондан чиққан кул ўн бирдан ортиқ штат ҳудудига таралади.

Вулқондан 400 км узоқликда жойлашган шаҳарчада кундузги кўриниш 3 метргача пасаяди ва Сент-Ҳеленсдан 145 км узоқликдаги жойларга 12 см қалинликда кул қатлами тушади.

Фото: alamy.com

Дэвид жойлашган кузатув пункти вулқон кратеридан 8 км узоқликда эди. Бир зумда у иссиқ кул остида қолади. Бир неча кундан кейин вулқондан чиқаётган кул камайгач, кузатув масканига қутқарувчилар етиб келишади.

Бироқ Дэвиднинг жасадини топиб бўлмайди. Ўша куни вулқонни томоша қилиш учун келган анча одам ҳалок бўлади. Шу жумладан, фотограф Роберт Ландсбург ҳам.

Ўлимга тик бориш

Вулқон отилишидан сал олдин Роберт Ландсбург Сент-Ҳеленсдан тахминан 7,2 км ғарбда, Форк-Тутл дарёси яқинида жараённи тасвирга олиш билан банд эди.

Сент-Ҳеленсда кучли портлаш содир бўлганда, Роберт Ландсбург машинасига қайтади ва яқинлашиб келаётган кул булутини тасвирга олади.

Вазият жуда таҳликали эди. Ана шу ҳолатда Роберт жуда тез суратда атрофга тарқалаётган иссиқ кулдан қочиб қутулиш имконсиз эканини тушуниб етади ва хотиржам тарзда суратга олишни давом эттиради.

Фото: dvdinmypants.com

Ўша пайтда иссиқ кул Роберт турган жойга соатига 400 км тезликда бостириб келаётганди. Фотограф ҳолатни тасвирга олиб бўлгач, плёнкани махсус идишга тиқиб, уни ичида ҳужжатлари бўлган ҳамён билан бирга сумкага жойлайди.

Охирида Роберт сумкасини ерга ташлайди ва уни иссиқ кулдан ҳимоя қилиш мақсадида устига ётиб олади. Бундан мақсад тасвирларни сақлаб қолиш эди. Сўнг у хотиржам ҳолда яқинлашиб келаётган ўлимини кутади.

Қутқарувчилар ўша пайтда 48 ёшда бўлган фотографнинг жасадини вулқон отилган вақтдан 17 кун ўтиб кул остидан қаттиқ куйган ҳолда топишади. Ўша атрофда унинг машинаси ҳам турганди.

Робертнинг куйиб кетган жасади 1980 йил 14 июн куни Портленд шаҳридаги қабристонга дафн этилади. Ўшанда Роберт билан бирга вулқон яқинида бўлган яна 56 киши ҳалок бўлади.

Улар орасида юқорида айтиб ўтганимиз вулқоншунос Дэвид Жонстон, фотограф Рид Блэкберн, ҳаваскор радиобошловчи Жерри Мартин, меҳмонхона эгаси Гарри Трумэнлар бўлган.

Фото: newsflow24.com

Ҳалок бўлганлардан 35 кишининг жасади топилади, 22 киши бедарак кетади. Ўша куни вулқондан бироз узоқда бўлган бир қанча одам иссиқ кулдан қочиб, тирик қолишга муваффақ бўлади.

Мутахассислар Роберт сақлаб қолган плёнкалардаги тасвирларни кетма-кет равишда тиклашади ва улар вулқоншуносларга жуда муҳим маълумотларни тақдим этади.

1981 йилда Роберт олган фотосуратлар дунёга машҳур National Geographic журналида чоп этилади. Шундан сўнг фотографнинг тақдири ҳақида бутун дунё хабар топади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид