Ўзбекистон | 08:53 / 01.05.2019
5795
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Франция ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим кучга кирди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг 1 майдан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 2016 йил 20 июль куни Тошкент шаҳрида имзоланган Авиақатновлар тўғрисидаги битим кучга кирди.

ТИВ хабарига кўра, битим икки давлатнинг белгиланган авиаташкилотлари ўртасидаги халқаро ҳаво қатновларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш масалаларини тартибга солади.

Ҳужжат қоидаларига кўра, ҳар бир томоннинг белгиланган авиаташкилотлари иккинчи давлат ҳудудида келишилган пунктларда қўнишни амалга ошириш ва уларнинг ҳудудларидан қўнмасдан учиб ўтиш учун тегишли ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида битимда авиаташкилотларга доимий қатновларни амалга оширишни таъминловчи ва божхона йиғимлари, солиқ ва бошқа тўловлардан озод этувчи имтиёзлар ўзаролик асосида тақдим қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, битимда авиация соҳасидаги хавфсизлик ва икки мамлакат авиация ташкилотлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсларни ҳал этиш меъёрлари ҳамда ўзаро ҳамкорлик қилишнинг бошқа шартлари белгилаб қўйилган.

Мазкур битим икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга ижобий туртки беради, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни очади ва ўзаро манфаатли авиаташувлар бозорини шакллантиришга кўмаклашади, дейилади хабарда.

Мавзуга оид