Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Юрий Федотов Тошкентга келди. У Абдулазиз Комилов билан музокаралар ўтказди
2019 йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш борасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-учрашувида қатнашиш учун Тошкент шаҳрига ташриф буюрган БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан БМТ институтлари, жумладан Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқарма ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларига оид қатор масалалар муҳокама қилинди, дейилади ТИВ хабарида.
Муносабатларнинг жадал ривожланаётгани мамнуният билан эътироф этилди ва томонларда муайян соҳалардаги ҳамкорлик кўламини оширишга қизиқиш борлиги тасдиқланди.
Ўзбекистонда ҳозирги пайтда 2016-2020 йилларга мўлжалланган Наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида баён қилинган гиёҳвандликка қарши стратегия амал қилади. БМТнинг тегишли конвенцияларига, Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига, Бош Ассамблея ва БМТ тизимининг бошқа органлари қарорларига, шунингдек хорижий шериклар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама алоқа механизмларига асосланувчи халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда баъзи минтақавий масалалар, жумладан Афғонистондаги ҳолат юзасидан ҳам фикр алмашилди. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши, унинг минтақавий алоқаларга жалб қилиниши Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиёт учун муҳим шароит яратиши таъкидланди.
Суҳбатда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган. Музокараларда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал иштирок этган.
Мавзуга оид
12:20 / 04.06.2026
Қирғизистон илк марта БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланди. Ўзбекистон қардош халқни табриклади
08:54 / 03.06.2026
БМТ Бош ассамблеясига янги раис сайланди
22:50 / 01.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия ва БМТ раҳбарияти билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
20:19 / 01.06.2026