Жамият | 07:30 / 06.05.2019
11988
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбекистонлик олти нафар аёл ис газидан заҳарланди

Фото: УНН

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 4 майдан 5 майга ўтар кечаси Бошқирдистон Республикаси Нуримонов туманида олти нафар аёл ис газидан заҳарланган. Уларнинг барчаси – хусусий уйда яшайдиган ва маҳаллий агрофирмада ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларидир.

Буни Бош консулхонага Бошқирдистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган ва уларнинг барчаси Нуримонов тумани марказий касалхонасига ётқизилганини маълум қилган. Ташхис: ис газидан заҳарланишнинг ўртача даражаси.

Соғлиқ учун ҳеч қандай хавфнинг йўқлиги туфайли барча заҳарланган аёлларга 6 май куни рухсат бериш режалаштирилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатишича, Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород области, Оренбург области, Пенза области, Перм ўлкаси, Самара области, Саратов области, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов области, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги ҳамюртлар зарур вазиятларда мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-967-772-66-00.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид