08:30 / 06.05.2019
22509

Шомуродов «Ростов»ни мағлубиятдан қутқариб қолди, унинг кўк қалпоқчаси мемга айланди

Фото: Артём Гусев, «Чемпионат»

Россия Премьер-лигасида 27-турнинг сўнгги учрашуви «Ростов» ва «Краснодар» жамоалари ўртасида кечди ва унда 1:1 ҳисоби қайд этилди.

«Ростов Арена»да ўтган ўйиннинг 25-дақиқасида меҳмонлар Виктор Классоннинг пенальтидан урган голи билан ҳисобни очишди. Майдон эгалари 89-дақиқага келибгина мувозанатни тиклашди: Роман Еременконинг тўп узатишидан сўнг Элдор Шомуродов боши билан дарвозани ишғол этди.

Ўзбекистонлик ҳужумчи 66-дақиқада захирадан ўйинга қўшилиб, 79-дақиқада рақиб ҳимоячиси Александр Мартинович билан тўқнашувда бошидан шикастланди.

Жароҳат жойидаги боғични ушлаб туришнинг бошқа йўли бўлмагач, шифокорлар унга сузувчиларнинг бассейн қалпоғини кийдиришга мажбур бўлдилар. Шомуродовнинг ушбу кўк рангли қалпоғи интернетда мемга айланиб кетди, ҳатто «Ростов»нинг ўз расмий твиттерида «Элдорнинг омад келтирувчи шапкалари» сотуви тез орада бошланишини эълон қилди.

14-рақам эгаси ўйиндан кейин натижадан қониқмаганини таъкидлади.

«Натижадан унчалик ҳам қониқмадим. Бугун стадионга жуда кўп (34044 нафар – Tribuna.uz) мухлис келди. Ўз уйимизда ғалаба қозонишимиз керак эди. Ҳар қандай жамоада, шу жумладан «Ростов»да ҳам ўйинида пасайиш бўладиган вақтлар кузатилади. Кейинги ўйинларда анча яхшироқ ўйнаймиз, деб ўйлайман.

«Ростов»да ҳамон еврокубоклар учун имконият сақланиб турибди. Чемпионат орқали йўлланма олиш имконимиз бор. Қолаверса, Россия Кубогида ғолиб чиқишимиз ҳам мумкин», – деган ҳужумчининг сўзларини келтирмоқда «Чемпионат.com».

23 ёшли Шомуродов РПЛнинг бу мавсумида 23та ўйин ўтказиб, уларнинг 8тасида асосий таркибда майдонга тушди ҳамда 3та гол ва 1та голли узатмага муаллиф бўлди. Чемпионат якунланишига 3та тур қолганда «Ростов» 37 очко билан 7-ўринни эгаллаб турибди, Валерий Карпин шогирдларида ЕЧЛ йўлланмаси учун имконият сақланиб қолмоқда.

«Краснодар» эса 3-ўринда, жамоани иккинчи поғонадаги «Локомотив»дан икки очко ажратиб турибди. «Темирйўлчилар» бу турда «Арсенал» меҳмони бўлиб, 0:2 ҳисобида ютқазди, натижада бундан бироз аввалроқ сафарда «Ахмат» билан дуранг ўйнаган (1:1) «Зенит» чемпионга айланди.

Россия чемпионати, 27-тур
Ростов – Краснодар 1:1 (0:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 25, пенальти Классон, 1:1 – 89 Шомуродов.
Ростов – Песьяков, Гацкан, Хаджикадунич, Новосельцев, Норманн, Паршивлюк, Чернов, Еременко, Глебов (Калачев, 68), Попов (Сигурдарсон, 90), Ионов (Шомуродов, 67).
Краснодар – Сафонов, Петров, Мартынович, Спайич, Рамирес, Газинский, Фьолусон, Перейра (Ольссон, 83), Вандерсон (Сулейманов, 71), Игнатьев (Ари, 66), Классон.
Огоҳлантиришлар: Новосельцев (24), Глебов (67), Газинский (72), Хаджикадунич (85), Паршивлюк (90).

Top