ЖЧ гуруҳ босқичи сўнгги тури доирасида Конго ДР билан ўтказилган ўйиндан кейин миллий жамоа футболчилари микст-зонада турли нашрлар журналистларининг саволларига жавоб қайтаришди.

Миллий жамоа сардори Элдор Шомуродов «Спорт-Экспресс» мухбири билан суҳбатда бундай даражадаги ўйинларда фақат бир жиҳатда кучли бўлишнинг ўзи етарли бўлмаслиги ҳақида гапирган.

— Катта тажриба орттирдик, аммо афсуски, ҳеч бўлмаганда битта ўйинда ғалаба қозона олмадик. Ҳаёт давом этади. Энди нимага интилишимиз ва қандай ривожланишимиз кераклигини биламиз. Жаҳон чемпионатида қатнашдик, аммо буни яхшироқ амалга оширишимиз мумкин эди, деган туйғу бор. Натижа салбий бўлса-да, бу турнирдан олиб кетишимиз мумкин бўлган кўплаб ижобий жиҳатлар ҳам бор. Бу турнир биз ҳали кўп нарсани ўрганишимиз ва ўсишимиз кераклигини кўрсатди.

— Нима етишмади? Ёки Ўзбекистон жамоасининг асл даражаси шуми?

— Кўп нарса етишмади. Бу ерда барчаси бошқача. Бу ерда битта нарсада бошқалардан яхшироқ бўлишинг етарли эмас, балки барча жиҳатларда кучлироқ бўлишинг керак. Шунинг учун, биз барча жабҳаларда қўшишимиз керак. Жамоамизнинг ҳозирги даражаси шу экан. Жаҳон чемпионатида оддий ўйинлар бўлмайди, бу ерда майда хатоларни ҳам жазолашади. Бизга тажриба етишмади ва энди бу тажриба ҳосил бўлди.

— Фабио Каннаваро ҳам матбуот анжуманида тажриба етишмагани ва иккинчи бўлимда фақат узун узатмалар билан ўйналганини айтди, бундай ўйнаш олдиндан режада бўлмаганми?

— Ҳа. Бунинг руҳий томони ҳам бор – ҳисобда олдинда бораётганингда, гол ўтказиб юбормаслик ва ҳисобни сақлашни истайсан. Ва шундан хатолар бошланади. Бундай хатолардан бири тўпни яхши ушлаб тура олмаганимиз бўлди.

— Жамоа турнирда кутганингиздан ёмонроқ ўйнадими?

— Жаҳон чемпионатига келиб, Колумбия ва Португалияга қарши майдонга тушсанг, қийин бўлишини тушунасан. Агар истасанг, бунга ижобий қарашинг мумкин. Аммо майдонда бошқа даражага гувоҳ бўласан. Биз қўлимиздан келганини қилдик. Ўйлайманки, Ўзбекистон футболи бизнинг бу ерга келишимиздан кўп нарса ютди. Истеъдодли ёшларимизни ҳам кузатишди. Энди Европада футболчиларимиз кўпроқ бўлиши мумкин.

— Африка жамоалари бу чемпионатда осиёликларга қараганда яхшироқ иштирок этишди. Бу уларнинг конфедерацияси сизникидан кучлироқ деганими?