Жамият | 20:55 / 07.05.2019
82577
8 дақиқада ўқилади

Бугун ҳокимлар нега ғазабнок?

Кейинги вақтларда нашрларда ва ижтимоий тармоқларда бир неча марта бошқарув соҳаси вакиллари ўз қўли остидаги ходимларига (айниқса фермерлар) нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатаётгани ҳолатлари ёритилди. Бундай воқеалар олдин ҳам содир бўлганига шубҳа йўқ. Юрак ютиб овоза қилинмаган, холос.  Афсуски, бу ҳозир ҳам давом этмоқда, ҳаттоки дўппослаш, калтаклаш ҳолатлари ҳам учраб турганига нима дейсиз? Вазир, айрим туман ҳокимлари қўл остидагиларига қилаётган муомаласини эшитиб, бир савол туғилади: бошлиқларнинг қуюшқондан чиқишига сабаб нима? Ҳаддан ташқари кўп топшириқлар доимий асаббузарликларга олиб келаётгандир? Ишлаш тизимини йўлга қўйиш қийин бўляптими ёки ходимларни қўрқитиб бошқариш стереотипи ҳалиям ўз кучидами? Умуман олганда, раҳбар шахслар бошқарув санъатидан қанчалик хабардор? Ишда юқори самарадорликка эришишдан ташқари ходимлар билан дўстона муносабат ўрнатиш учун нималар қилмоқ лозим?

Бошқарув психологияси - алоҳида фан соҳаси бўлиб, йўналишдаги муаммоларни тадқиқ қилади. Фаннинг мақсади ходимларнинг ўзаро ва раҳбар билан муносабатини ўрганишдир. Раҳбарлик алоҳида маҳорат талаб қилувчи кўникма ҳисобланади. Ҳар қандай билимли, салоҳиятли кадр бошқарувчиликни эплаб кетолмайди. Жамоани ягона мақсад сари олиб борувчи раҳбар шахс намунали шахсий сифатларга ҳам эга бўлиши лозим. Ходим билан муносабатда ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш муҳимдир. Юқорида келтирилган мисолларда раҳбар шахслар ходимларга қилган хатолари учун ҳақорат ишлатишган. Психология фанлари номзоди, профессори Л.Д. Столяренконинг «Бошқарув психологияси» китобида айтилишича, раҳбар ходимининг шахсиятини эмас, фақат ишини танқид қилиши керак. Бунда «бутерброд» (иккита мақтов орасига битта танқидни қўшиб юбориш) усулидан фойдаланиш қўл келади. Ушбу китобда аутоген менежментнинг (ўз-ўзини бошқариш) аҳамияти жуда юқорилиги таъкидланади. Раҳбар, энг аввало, ўзини ичкаридан туриб ислоҳ қилолса, бутун жамоани ортидан эргаштира олади. Бошқарувчиларга улкан талаблар қўйилаётгани рост. Бу борада ҳар кимда турлича мулоҳаза бор. Фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш учун бошқарув соҳасидан яхшигина хабардор бир неча эксперт билан суҳбатлашдик.    

«Давлат хизматчиларини молиявий қўллаб қувватлашнинг ўзи етарли эмас»

SmartGov консалтинг компанияси ижрочи директори Азиза Умарова:

«Фикримча, давлат хизматчилари фаолиятини такомиллаштириш энг катта ислоҳотлардан бирига айланиши керак. Давлат хизмати тўғрисидаги қонун қабул қилиниши борасида 2019 йилги давлат дастурида батафсил ёритилган. Ўзбекистон учун давлат бошқаруви тўғрисидаги қонун нечоғлик аҳамиятли? Ўтган аср 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида Ўзбекистон ва Туркманистондан ташқари барча МДҲ давлатларида бу бўйича таянч ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ваколатли органнинг ташкил этилиши ва қонун қабул қилиниши давлат хизматининг ҳуқуқий асосини таъминлаган бўларди. Шунингдек, бу қонуний ишончлилик, қонуний жавобгарлик, давлат хизматининг ҳуқуқий прогнози принципларини амалга оширишга ҳисса қўшади. Бу ўз-ўзидан давлат хизмати фаолияти барқарорлигини таъминлайди. Бу ерда ҳар бир хизматчи ўз фаолиятини ким, қандай қилиб ва нима учун баҳоланаётганини англайди».

«Профессионал давлат хизмати топшириқни вақтида сифатли бажарадиган малакали кадрларни жалб этадиган меритократияни яратишга қодир.  Масалан, давлат хизматчиси вазифаси учун бир қанча сифатларни (етакчилик, аналитик кўникма, жамоада ишлаш, ўзини тутиши ва бошқалар) талаб қиладиган марказлашган танлов ташкил қилиниши лозим. Бундан ташқари, давлат хизматчилари учун ягона ахлоқ нормаларини ишлаб чиқиш лозим, иш вақтида ходим ва раҳбар ўртасидаги келишмовчиликни ҳал қиладиган Омбудсман фаолияти йўлга қўйилиши керак. Айни вақтда молия вазирлиги Жаҳон банки билан давлат хизматчиларини молиявий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш бўйича иш олиб боряпти. Бу муаммони тўла ечиб бериши даргумон», дея қўшимча қилди Умарова.

«Бир вақтда бир неча вазифанинг бажарилиши осонроқ топшириқларни ҳам мураккаблаштиради»

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси «Бошқарув маҳорати» кафедраси доценти в.б. Лола Иноғомова:

«Раҳбарнинг асосий мақсадларидан бири жамоани муваффақиятли бошқаришдир. Раҳбарнинг ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бўлади, лекин бу камчилик ҳеч қачон жамоанинг фаолиятига таъсир қилмаслиги, у раҳбар билан қўл остидаги ходимнинг муносабати, иш фаолиятига таъсир қиладиган даражада бўлмаслиги керак. Жамоада психологик иқлимни шаклланишида раҳбарнинг ўрни катта бўлиб, бошқарув самарадорлигини оширишда раҳбардан оқилона қарор қабул қилиш, ишни режа асосида ташкил этиш, вазифаларни тўғри тақсимлашда ундан катта маҳорат талаб этилади.

Баъзида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари фаолиятида бир вақтнинг ўзида бир неча топшириқ ва вазифани бажарилиши ишлар режали ташкил этилмагани туфайли, оддий вазифаларни бажаришда қийинчиликларни келтириб чиқаришга сабаб бўлмоқда.

Қонунчилик нима дейди?

Тошкент Давлат юридик университети ўқитувчиси Ўткирбек Холмирзаевнинг  таъкидлашича, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш маъмурий (МЖтКнинг 41-моддаси), агар у одобсизлик билан ва маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин содир этилса жиноий жавобгарликка асос бўлади.

Ҳақорат қилиш жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда содир этилганда тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради (ЖКнинг 140-моддаси). Шунингдек, иш ҳолатидан келиб чиқиб, айрим ҳаракатлар бошқа моддалар билан ҳам малакаланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (Қарор) билан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тасдиқланган.

Давлат раҳбари йил давомида барча вилоятларга ташриф буюради. Ўтган йили берилган топшириқлар ижроси бўйича масъулларнинг ҳисоботи тингланади. Эътибор берсангиз, ҳар бир ташрифда турли сабаблар билан раҳбар шахслар иш лавозимидан озод қилинади (улар орасидан ҳеч бўлмаганда биттаси ҳоким бўлади). Жамоатчилик бу вазиятга кўникиб ҳам кетди.  Амалдорлар қўнимсизлигига нима сабаб бўляпти? Янги талабларга жавоб беришолмаяптими ёки тепадан буйруқ келишини кутиб яшаш догмасини ўзгартириш қийинчилик туғдиряптими? Балки, ҳокимларнинг ваколат ва мажбуриятларини чегаралаб қўйиш керакдир? Шунда иш ҳажми қисқариб, сифат ошишига эришилади. Яна бир муҳим масала ҳам бор: раҳбар шахслар психологияси билан жиддий шуғулланиш керак. Мансаб курсисига ўтирган айрим бошлиқлар ўз лавозимини масъулият, ишонч деб эмас, имконият (коррупция учун) деб қабул қилади. Бошқарувчи ўзини ўзгартира олсагина, маълум мақсадга эришиш имконияти пайдо бўлади. Муаммо илдизи аниқланса, уни бартараф этиш йўллари ҳам топилади.

Мавзу юзасидан ҳокимлардан ҳам фикр олишга ҳаракат қилинди. Аммо уринишлар самара бермади. Бир неча ҳокимларга мурожаат қилинди. Ҳокимларда вақт тиғизлиги ёки бошқа қатор сабаблар туфайли саволлар жавобсиз қолди. Келтирилган мулоҳазаларга улар ҳам ўз муносабат ва таклифларини тақдим этишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид