Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳалок бўлган ўзбеклар хотираси абадийлаштирилади
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм ҳарбий лагерларида ҳалок бўлган ўзбек аскарлари тўғрисида маълумотлар йиғиш, қабрларини топиш ва рўйхатини аниқлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Kun.uz мухбири Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилган медиа-тур доирасида Германиядаги Ўзбекистон элчихонасида бўлиб хабар беришича, Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ери Детмольд районининг Штукенброк шаҳарчасида жойлашган «Шталаг 326» - ҳарбий асирларга оид маълумотлар маркази ва музейи билан яқин алоқалар ўрнатилди.

Ушбу марказдаги мавжуд маълумотларга кўра, 1941-1945 йилларда бу ерда барпо этилган лагерга келтирилган 42 000 ҳарбий асирлар орасида 360 нафар ўзбек аскарлари бўлган. Улардан 35 нафари «Штукенброк» қабристонига умумий ҳолда дафн этилган. Қолган ватандошлар ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида, жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Н.Қосимов «Штукенброк» ҳарбийлар қабристонига дафн этилган ватандошларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида бу ерга ташриф буюрди ва уларнинг руҳи учун дуо қилиб, гулчамбар қўйди.

«Шталаг 326» маркази ижрочи директори О.Никель билан суҳбат чоғида ушбу ҳарбийлар қабристонида мангу ором топган юртдошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ёдгорлик тоши ўрнатиш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Учрашув чоғида биргаликда тегишли ҳужжатларни тайёрлашга ва барча ташкилий масалаларни ҳал этиб, келгуси йил май ойида ўзбек ҳарбийлари дафн этилган мазкур қабристонга хотира тоши қўйиш масаласида келишиб олинди.



О.Никель Ўзбекистонда ҳар йили 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётгани, урушда ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш борасида жуда муҳим тадбир эканини таъкидлади:
«Бизнинг марказ уруш йилларида бу ерда барпо этилган лагердаги ҳарбий асирларнинг шахсларини аниқлаш бўйича иш олиб боради. Ҳарбий асирларга оид маълумотлар жамланмасини шакллантириш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда архив материаллари устида доимий иш олиб борамиз. «Штукенброк» қабристонига дафн этилган жуда кўплаб ҳарбийларнинг туғилиб ўсган манзилларини аниқлаб, қариндошларини хабардор қиламиз. Улар ҳар йили бу ерга келиб, яқинларининг хотирасини ёд этишади. Шунингдек, марказда ташкил этилган музейда ҳарбий асирларнинг буюмлари, улар ҳақида маълумотлар жойлаштирилган. Бу ерга мактаб ўқувчилари, ёшлар, меҳмонлар тез-тез ташриф буюришади. Юртингизда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида байрам қилиниши таҳсинга лойиқдир. Бу ерда дафн этилган ўзбек аскарларининг қариндошларини топишда биздаги маълумотлар ёрдам беради, деб ўйлайман. Қолаверса, элчихонангизни ўз ватандошлари хотирасига ёдгорлик тоши қўйиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, уни амалга оширишда кўмаклашишга тайёр эканимни билдирмоқчиман».
Учрашув сўнгида «Шталаг 326» марказидаги мавжуд архивдан ўзбек ҳарбий асирлари рўйхати, уларга оид сақланиб қолган ҳужжатлардан нусхалар олинди. Аксарият қисми сарғайиб кетган ушбу ҳужжатларда ватандошларнинг расмлари, уларнинг шахсига оид маълумотлар ифода этилган. Айримларидан мисоллар келтирамиз:
- Сафаров Нурали, 1912 йилда туғилган, бўйи 160, оддий аскар, касби – деҳқон, отаси – Сафар, онаси – Қундуз, манзили – Ўзбекистон ССР, Бухоро вилояти, с.Бекмаров. 1943 йил 5 мартда вафот этган;
- Рўзметов Абдураҳмон, 1918 йил 3 мартда тугилган, бўйи – 180, оддий аскар, касби – деҳқон, отаси – Рўзмат, онаси - Зиёда, манзили – Тошкент вилояти, ст.Таркана. 1944 йил 9 июлда вафот этган.












Мавзуга оид
12:04 / 18.06.2026
Ўзбекистон ва Германия биринчи хонимлари инклюзив таълим масалаларини муҳокама қилди
10:05 / 18.06.2026
Кинога кўчган ҳаёт: Иккинчи жаҳон урушида қурол ишлатмасдан қаҳрамон бўлган аскар ким эди?
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026