Жаҳон | 19:50 / 09.05.2019
18008
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Facebook, Instagram, YouTube ва Telegram блокланмоқда

Фото: ТАСС

Қозоғистонда Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, YouTube видеосервиси ва Telegram мессенжерига кириб бўлмаяпти, деб хабар бермоқда “Интерфакс” ахборот агентлиги. 

Халқаро ноҳукумат ташкилоти NetBlocks ўтказган техник мониторингга кўра, 9 май куни Қозоғистонда интернет-провайдерлар Facebook, Instagram, YouTube ва Telegram’ни блоклаб қўйишган. 

Таъкидланишича, Twitter ва WhatsApp узилишларсиз ишламоқда, Telegram эса мессенжернинг мобил ва компютер версияларига ёқиқ қолишга имкон берувчи цензурага қарши чораларни қўлламоқда.

Охирги ойлар Қозоғистонда расмий Остонанинг танқидчиси, оммавий намойишларга чақирган Мухтор Аблязовни жонли эфирда чиқишини чеклаш мақсадида вақти-вақти билан ижтимоий тармоқларга кириш блокланган.

Шунингдек, 9 май куни эрталабдан Қозоғистон ҳудудидан бир қатор ОАВ сайтлари –rus.azattyq.org, exclusive.kz, vlast.kz, holanews.kz кириб бўлмаган. Шунингдек, бир қатор ҳудудий нашрлар, жумладан “Ак жайык” ва “Уральская неделя” нашрлари сайтлари блокланган.

Аввалроқ Қозоғистон бош прокуратураси фуқароларни “ноқонуний намойишларга” чиқмасликка чақирган ва бундай намойишлар иштирокчилари жавобгарликка тортилишларидан огоҳлантирган. Бу мурожаат Қозоғистон суди томонидан тақиқланган “Қозоғистоннинг демократик танлови” ҳаракатининг мамлакатнинг бир қатор шаҳарлари, жумладан пойтахт Нур-Султон ва Олмаотада 9 май куни намойишлар ўтказиш режаларидан кейин қилинган. 

Гувоҳларнинг хабар беришича, фаоллар огоҳлантиришларга қарамай 9 май куни кўчаларга чиқишган, Олмаота ва Нур-Султонда бир неча фуқаро ушланган.

Мавзуга оид