Жаҳон | 09:06 / 10.12.2025
1851
2 дақиқада ўқилади

Австралияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга тақиқ кучга кирди

Австралияда болалар учун ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқ, бошқалар қаторида, уларни интернетдаги таъқиб, дезинформация ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилишга қаратилган. Тақиқ WhatsApp, электрон почта, онлайн-ўйинлар ва ўқув лойиҳаларига татбиқ этилмайди.

Фото: Getty Imagеs

Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшга тўлмаган шахсларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаган мамлакатга айланди. Мамлакат парламенти томонидан 2024 йил ноябрида қабул қилинган қонун чоршанба, 10 декабрдан бошлаб кучга кирди.

Ёшларни интернетдаги таъқиб, дезинформация ва ноқонуний контентдан ҳимоя қилишга қаратилган ушбу тақиқ кўпчилик йирик платформаларга тааллуқли бўлади, жумладан TikTok, YouTube, Instagram, Snapchat, Facebook, Reddit ва X кабиларга. У WhatsApp мессенжерига, почта дастурларига, онлайн-ўйинларга ва ўқув лойиҳаларига татбиқ этилмайди.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе журналистларга берган баёнотида, ушбу қонун болаларга нормал болалик ўтказишга ёрдам бериши, ота-оналарга руҳий хотиржамлик бахш этиши ва бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиб хизмат қилишини айтди.

Тақиқ талабларига бўйсунмаслик ҳолатида платформалар 49,5 миллион Австралия долларигача жаримага тортилиши мумкин (тақрибан 33 миллион АҚШ доллари ёки деярли 30 миллион евро).

Канберра ҳукумати қадамларининг танқидчилари бундай чорани мутаносиб эмас, деб ҳисоблайди ва бу борада мамлакат Олий судига даъво аризаси ҳам киритилган. Кўпчиликнинг фикрича, ўсмирлар шунчаки назорати янада қийинроқ бўлган бошқа сервисларга ўтиб кетади, холос.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан Малайзия, Дания ва Норвегия, шундай тақиқлар жорий қилиш нияти борлигини билдирган. Худди шундай чекловлар ғоясини Европа парламенти ҳам қўллаб-қувватлаган.

Германияда сўровда иштирок этганларнинг катта қисми (77 фоизи) бундай қонунни «тўлиқ» ёки «қисман» қўллаб-қувватлашини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид