Жамият | 16:27 / 10.05.2019
5260
5 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов: «Тил – миллат кўзгуси»

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори Садриддин Туробжонов рус тилига расмий мақом бериш бўйича таклифларга ўз муносабатини билдирди.

Ҳайҳот, топтаганда араб ва мўғул,
Ҳаётингни занжирли йили
Бошдан не кечирдинг, мардона ўғил,
Ўзбек тили, ўзбек тили.

Улуғ тарихингга қиламан хитоб,
Навоий шеърининг гули,
Кечмиш замонларнинг тирик гувоҳи,
Ўзбек тили, ўзбек тили.

     (Рауф Парфи)

1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Ҳали мустақиллик эпкинлари эсмай туриб, она тилимиз ўзининг муносиб мақомини топди. Бу мамлакатимиз, шунингдек, қалбида миллий ғурур ҳиссини туйган юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Шу билан бирга, тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди. 

Маълумки, дунёдаги 200та тил бугунда давлат тили мақомига эришган бўлиб, шулар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади, унинг ҳаётимизда ўрнини топиши ўзлигимизнинг намоён бўлишидир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, ўзлигимиз бўй кўрсатадиган қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқейини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз керак. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир. Тарих силсиласида тилимиз не-не қаршиликларга учрамади. Ҳар сафар уларни енгиб ўтиб, олдимизда ўз гўзаллигини намоён қилди. 

Мана бир неча кунки, баъзи «зиёли»ларнинг рус тилига расмий мақом сўраб ёзилган мурожаат хати миллатимизнинг барча жонкуярларини ўзаро бирлашиб, тилимизни асраш йўлида бирлаштирмоқда. Маълумки, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир», деб кўрсатиб қўйилган.        24 моддадан иборат бўлган «Давлат тили ҳақидаги» Қонуннинг 2-моддасида «Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монеълик қилмайди», деб ёзилган. Қонуннинг 3-моддасида эса «Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар», деб белгиланган. Булардан кўринадики, Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллат вакилларининг тилига ҳам ҳуқуқий мақом берилган. 

Халқнинг маънавий олами дастлаб унинг тилида акс этади. Халқнинг тили асосида унинг руҳияти ва маънавий қиёфаси ҳақида ҳукм чиқариш мумкин. Халқимизда тил билган эл билади, дея бежиз айтилмайди. Шу сабабли, бошқа тилларни ўрганиш учун кенг шароитлар яратилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа тилларни ўрганиш ўз она тили ҳисобига амалга оширилиши керак эмас. 

Бугунги глобаллашув даврида ўзбек тилининг қўлланишини замона талабларига мувофиқ олиб боришимиз керак. Ўзбек тилига ва ўзбек тилидан таржима қиладиган электрон тизимларни яратишни тезлаштиришимиз замонавий ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнларида қўллашимиз даркор. Барча ташкилотлар давлат тили бўлмиш ўзбек тилида иш юритиши учун олимларимиз томонидан ҳар бир соҳанинг терминологияси ишлаб чиқилиши зарур. Бунинг учун ўзбек тилини замонавий илм-фан тилига айлантиришимиз бугунги куннинг талабидир. Шундагина бошқа тил вакиллари ҳам тилимизни ҳурмат қилишади ва тан олишади. Зеро, Чўлпон айтганидек: «Тил яшаса – миллат яшар!»

Дарҳақиқат, миллат бор экан, тил ҳам яшайди. Ўзини шу ажойиб макон – нурли Ўзбекистоннинг фарзандиман деган одамни, қайд этилган фикрлар ўйлантирмасдан қўймайди, сўнг эса унинг тақдири учун курашларга чорлайди. Ана шу курашлар эса унинг ўзлигини, она тилиси – ўзбек тилининг шукуҳини ҳис қилишга ундайди. Мана шу шукуҳ унда миллий ғурурни шакллантиради. Айни чоғда, тилга – она тилига муҳаббатини уйғотади. Тилига нисбатан қалбида муҳаббат бўлган одам она Ватанига, халқига хиёнат қилмайди. 

Тилимиз эса ўзининг қудратига, кучига эга бўлади. Халқимиз ҳеч қачон асрлар давомида ўзлигини йўқотмайди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид