Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Паст Дарғом тумани мутасаддилари ниҳоят ваъдани бажаришди — Ногиронлиги бўлган онанинг муаммоси ҳал бўлди
Kun.uz сайтида жорий йилнинг 23 апрель куни «Президент фармони ижросида кўзбўямачилик қилган Паст Дарғом тумани мутасаддилари яна бир марта ваъда берди» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Паст Дарғом тумани ҳокимияти мутасаддиларининг кўзбўямачиликлари ва ёлғонларидан жабр чеккан ногиронлиги бўлган Севара Нурмуродованинг муаммоси ижобий ечим топмаётгани ёритилган эди.
Kun.uz бу борада аввал ҳам журналистик суриштирувлар олиб бориб, икки фарзанднинг онаси, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Севара Нурмуродовага Паст Дарғом тумани ҳокимлиги томонидан 2017 йил 24 декабрда икки хонали уй берилгани, лекин бу уй аслида бошқа фуқарога тегишли бўлгани, уй тегишли тартибда расмийлаштириб берилмаётгани ҳақида танқидий мақолалар тайёрлаган эди. Ҳар сафар туман мутасаддилари бу масалани пайсалга солиб, фақат ваъдалар билан чекланаётганди.
Мазкур такрорий танқидий мақоладан сўнг ниҳоят уй Севара Нурмуродова номига расмийлаштириб берилди. Бу ҳақида таҳририятга унинг ўзи боғланиб, хабар берди ва ҳужжатларнинг суратларини тақдим этди.

«Бугун жуда ҳам хурсандман. Ниҳоят, уйни номимга расмийлаштириб беришди. Сарсонгарчиликларга чек қўйилди. Бу масала ҳал бўлишидан бутунлай умид узгандим. Майли, шунча овора бўлсам ҳам сизларнинг ёрдамларингиз билан ҳақиқат қарор топди. Муҳими, ногиронлигим бор бўлган мендек инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборни яна бир бор ҳис қилдим», – дейди Севара Нурмуродова.

Албатта, шунча вақт ортга сурилса-да, бу масала бугунги кунда ижобий ечим топгани қувонарли ҳол. Аммо Паст Дарғом туманида Президент фармони, қарорлари ижросига раҳбар ва мутасаддилар томонидан шу каби панжа ортидан қарашлар ҳамон давом этмоқда.
Айни вақтда бу туман раҳбари ва мутасаддиларидан норози бўлаётган фермер ва тадбиркорлар кундан-кунга кўпаймоқда. Таҳририятга мазкур тумандан шу мазмундаги келаётган мурожаатлар кўлами ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Барча мурожаатлар навбати билан ўрганилмоқда.
Бугунги кунда туман ҳокимлиги аҳоли учун «ёпиқ дарвоза»га айлангани, бирор масалада ёрдам сўраб борган фуқаролар эса эшик олдидаги қўриқчининг «керакли» жавобини олиб ортга қайтаётгани ҳам шикоятлар кўпайишига сабаб бўлаётгандир.

Ахир, туманда дардини бирор масъул тингламагандан кейин фуқаролар ҳам бошқа ерга мурожаат қилишга мажбур. Туман ҳокими эса уларга «ёзувчи» тамғасини босиб, муаммоларни баттар чигаллаштираётгани бугунги замон талабига жавоб бермайди. Бугунги кун талаби халқ билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқот қилиб, уларнинг муаммосини эшитиш, имкон бўлса ҳал этишдир.
Ёрдам сўраб келган фуқарога ножоиз сўзлар айтиш, фермер ва тадбиркорларга тазйиқ ўтказиш замонлари ўтиб бўлган. Ҳали ҳам эскича қарашда ишлаётган раҳбар ва мутасаддилар буни ўз вақтида англаб етмоғи мақсадга мувофиқдир.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
18:18 / 05.03.2026
Самарқандда судя 300 доллар олаётганда ушланди
13:33 / 03.02.2026
Самарқандда икки туманга янги ҳокимлар тайинланди
13:40 / 09.01.2026
Самарқандда 15 ёшли бола уйлангани ҳақидаги видео юзасидан расмий маълумот берилди
17:31 / 04.12.2025