Жаҳон | 13:20 / 12.05.2019
16467
1 дақиқада ўқилади

Индонезияда сайлов қўмитасининг 500га яқин ходими овозларни ҳисоблашлар давомида вафот этди

Фото: EPA-EFE

Индонезия соғлиқни сақлаш вазирлиги сайловлардан сўнг овозларни ҳисоблаш давомида вафот этган сайлов қўмитаси ходимларининг ўлимига инсульт ва инфаркт сабаб бўлганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Strait Times хабар берди.

Аввалроқ Индонезия сайлов қўмитасининг юзлаб ходимлари овозларни ҳисоблашлар давомида вафот этгани, 2,5 мингдан ортиғи касалхонага тушганлиги айтилганди.  

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, сайловлардан сўнг мамлакат бўйича сайлов қўмитасининг 496 нафар ходими вафот этган, уларнинг аксарияти – 131 нафари Ғарбий Жава провинциясидан. Вафот этганлар 50-70 ёшда бўлишган.

Индонезияда 21 апрелда бир вақтнинг ўзида президент ва вице-президент, миллий, ҳудудий парламентлар, шаҳар ва туман муниципал кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов натижалари 22 майда эълон қилинади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид