Жамият | 20:33 / 13.05.2019
25600
10 дақиқада ўқилади

«Ҳоким еримни алдов ва зўрлик билан тортиб олди». Жалақудуқлик фермернинг сўзлари асослими?

Жорий йилнинг 9 январида Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарори қабул қилинганди. Бу қарорда «мақбуллаштириш» атамаси билан изоҳланувчи жараён бошланди – кичик ва режаларни бажара олмаган фермерликларнинг ер майдонлари ишчи гуруҳларнинг хулосалари асосида ҳокимлик захирасига қайтарила бошланди.

Қарорга кўра, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами 100 гектар этиб белгиланган. Мақбуллаштириш жараёнида туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари, биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган, молиявий ҳолати яхши ва қишлоқ хўжалиги техникаларига эга кўп тармоқли фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарга берилиши, бир гектар ер майдони учун пахта-ғаллачилик лойиҳасига 2 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида ҳамда сабзавот-ғаллачилик, боғдорчилик-узумчилик, сабзавот-полизчилик лойиҳаларига 5 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорларга ва кластер корхоналарига туман сектор раҳбарининг тавсиясига кўра танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер участкалари ажратилиши кўрсатилган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Хўш, ушбу жараён барча жойда бир хилда ва тўғри амалга ошириляптими? Жалақудуқлик фермер Асилбек Жарматовнинг мурожаати айнан шу масалада бўлди.

«2019 йилнинг 8 февраль куни ҳокимлик ёлғон маълумот билан бу жойлар кластерга ўтади деб бизга ариза ёздириб олди. Хоҳлайсанми, хоҳламайсанми шу дейишган. Гувоҳларим ҳам бор. Туман захирасига ўтсин дейишди. Аввалига ёзмаймиз дедик. Кейин мажбуран ариза ёздириб олинди. Ерларингиз кластерга ўтяпти, дейишганди. Бу жойда кузги буғдой эккандим. Бир тонна буғдой олиб келиб яхшироқ ҳосил бўлсин деб уни ҳам ерга сочгандим. Бир гектарга 90 центнер ҳосил олган фермерларнинг ерлари ўзида қолади, ундан ками эса кластерга ўтади дейишган. Мен доим режани бажариб келганман. Фақат ўтган йил 80 фоиздан кўпроқ бўлди. Бунинг сабаби эса, ўғитлар вақтида етказилмади.

Ёлғон маълумот бериб менга ариза ёздириб олишгандан сўнг, ер кластерга ўтиш ўрнига бошқа фермерга бериб юборилди. Чунки, яширинча тендер ўтказишди. Кейин прокуратурага ариза қилдим. Вилоят прокуратурасига ҳам бордим. Улар туман прокурорларига айтишди. Лекин натижа бўлмади. Вилоят ҳокими Шуҳрат Қўшақбоевич билан учрашдим. Статистик маълумотларимни кўргач, вилоят ҳокими ерим қайтариб берилиши кераклигини айтди. Туман ҳокими эса барибир билганидан қолмади. Қайтиб бориб, вилоят ҳокимига айтмоқчи бўлдим. Германияга кетган экан. Бўлиб ўтган ишлардан бехабар қолди. Агар қонуний еримни қайтариб беришса вилоят ҳокимининг, Президентимизнинг юзини ерга қаратмайман», дейди фермер.

«Ёз бўйи меҳнат қилган фермерлар ўша вақтларда ҳокимнинг эшигига ётиб олишди. Ёш фермерлар ҳаммасини ўзимиз қиламиз дейишди. Лекин, ҳоким ҳеч имконият бермаяпти. Кўпчилик фермерларнинг ерларини қайтариб беришди. Бироқ, бизнинг еримиз қайтарилмади», дейди фермернинг аёли.

Улар бўлиб ўтган ишларни бошқа бир собиқ фермер ҳам тасдиқлашини айтишди. Биз гувоҳ билан ҳам суҳбатлашдик.

«2019 йилнинг 8 февраль куни ерларинг кластерга ўтади деб, ерлар туман захирасига ўтишига рухсат беришимиз айтилган аризани ёздиришди. Кластерга ўтиш ўрнига бошқа бир фермерга бериб юборилди», дейди Алишер Имойдинов.

Собиқ фермерларнинг сўзларига кўра, ишлар нотўғри амалга оширилган.

Ҳукумат қарорида ҳар бир ҳолат алоҳида келтириб ўтилган. Наҳотки, жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бу масалада ноҳақлик қилишмоқда?

Шундай гумонлар билан туман ҳокимияти томон йўлга тушдик. Туман ҳокими, сенатор Содиқжон Турдиев ва унинг мутахассислари бизга тасдиқланган маълумотларини кўрсатиб, фермернинг барча шикоятлари ноўринлигини исботлаб берса керак, деган ўйда эдик. Бироқ, ҳокимиятга борганимизда, ҳокимлик биносига «бироз аввал кириб кетгани» айтилган ҳоким изсиз ғойиб бўлди. Маълум вақт кутганимиздан кейин бизга ҳоким йўқлигини айтишди. Шу сабабли, Жалақудуқ тумани ҳокимияти қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Баҳромжон Мусаевга учрашиш билан кифояландик.

«Бу фермерни яхши танийман. Ери Вазирлар Маҳкамасининг 14-сонли қарори асосида мақбуллаштиришга тушган. Шу қарордан келиб чиқиб туманимизда ишчи гуруҳ ташкил қилганмиз. Ишчи гуруҳ 26 кишидан иборат бўлиб, туман ҳокими раҳбарлик қилган. Туманда 312та пахта-ғалла билан шуғулланувчи фермерлик бўлган. Мақбуллаштиришдан кейин 242та қолди. Ер майдонлари ҳеч кимдан қасддан, ёмон ниятларда олиб қўйилгани йўқ. Мен агротехникага жавоб бераман. Қайта-қайта ишчи гуруҳлар тузилган. Тез-тез фермерлар билан учрашиб тушунтириш ишлари олиб борганмиз. Ёз ойларида ҳам огоҳлантиришлар бўлган. Асосий сабаби, пахта режаларини бажармагани учун. Бу йигитнинг ери яхши жой. У ерда 84 фоиз бўлиши мумкин эмас», дейди мутасадди.

Очиғи, бу жавоблар бизни қониқтирмади. Ўз хоҳиши билан жонини бериб ишлаётган, устига-устак анча-мунча харажат ҳам қилган фермер шундайлигича ерни топшириб қўйиши керакми? Доим режани бажариб келганини айтган фермердан бу бўйича муносабатини сўрадик.

У масъул шахс олдида эътирозларини билдирди: «Бу ишлар ноқонуний бўлган, кимлардан ерлари олинган бўлса қайтариб берилган. Менинг ерим эса қайтарилмади. Чунки, «сенинг еринг зўр ер экан. Сенинг ерингга харидор кўп» деб айтгансиз».

Фермер масала юзасидан Жалақудуқ туман адлия бўлимига мурожаат қилганини ва бўлимда иш ўрганилаётганини айтиб қолди. Шундан кейин туман адлия бўлимига бордик. Бўлим бошлиғи иш бўйича тафсилотларни маълум қилди.

«Ҳақиқатдан, 2019 йил 14 февралда фуқаро Жарматов Асилбек адлия бўлимига мурожаат қилиб келган. У «Қаламбейлик пахтакор» фермер хўжалигининг ерлари туман ҳокимлиги захирасига олинишидан норозилигини билдирган. Жойларга чиқиб ўрганишлар ўтказганимиздан сўнг маълум бўлдики, фермер шу йили 8 февралда ҳокимиятнинг қишлоқ хўжалиги бўлимига чақиртирилган. Кластерлар ташкил этилаётгани сабабли ерларини ўз ихтиёрлари билан бўшатиб бериши таклиф қилинган ва аризалари хоҳишларига зид тарзда олинган. Ер эса туман ҳокимининг 2018 йил 29 декабрда қарори билан туман заҳирасига олинган бўлиб, қарорга асос сифатида Жарматовнинг “2018 йил 20 декабрдаги аризаси асос қилиб олинган. Ваҳоланки фермерга ерни топшириш ҳақидаги аризани аксинча 2019 йил феврал ойида, яъни ВМнинг 14-сонли қарори чиққандан сўнг, ҳокимлик қистови билан ёзган.Бундан ташқари, яна қуйидаги қонун бузилишлари ҳам бўлган:

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 5-моддаси қоидалари бузилган, яъни вилоят комиссияси розилиги олинмаган.

2016 йилнинг 10 февралдаги Вазирлар Маҳкамасининг 34-сонли қарори талабларидан келиб чиқиб, туман депутатлари рухсати олинмаган. Бу ҳам ўзига яраша қонун бузилиши ҳисобланади.

Ушбу ер газетада тендерга қўйилган. Тендер ўтказишда ҳам қонун бузилиш ҳолатлари мавжуд. Газетада иккинчи лойиҳада ер майдони қўйилган. Лекин, тендер танлови ўтказиладиган кун, ер контури аниқ кўрсатилмаган. Амалдаги қонун талабларига кўра эса булар кўрсатилиши лозим эди.

Режалар бажарилмагани бўйича ҳолат ўрганилганда, ғалла режасини 100 фоиздан ортиқ бажаргани аниқланган. Фермер пахта режасини ҳам доим юқори даражада бажариб келган, бироқ фақат ўтган йили 84 фоизга бажарган. Вазиятни ўрганиш мақсадида агрономларни жалб қилдик. Маълум бўлдики, минерал ўғитлар ўз вақтида етказиб берилмаган. 2018 йил 7 августда, икки ой кечикиб етказилган. Бунинг оқибатида фермер режани бажара олмаган.

Адлия бўлими томонидан туман прокурорига ҳокимнинг қарорини бекор қилиш учун протест киритиш бўйича таклиф берганмиз. Бироқ бу таклифимизга жавоб олмаганимиз учун маъмурий судга Жалақудуқ туман ҳокимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топиш учун ариза киритдик. Бундай тартибда қонун бузилишлар кўп маротаба бўлиб туради. Бироқ, адлия бўлимида бундай ваколат бўлмагани сабабли таъсир чораси қўллай олмаяпмиз. Мисол учун, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятида қонунбузилиш ишлари аниқланди. Улар кўп марталаб вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилинган. Бу масала бўйича тақдимномалар киритилди. Лекин, ҳеч қандай натижа йўқ», дейди адлия бўлими раҳбари Бегзод Шукуров.

Жалақудуқда шундай гаплар. Фермер меҳнат қилса, бор-будини сарфлаб ерга уруғ қадаса-ю, ҳоким кайфиятига қараб ерни бировга бериб юбораверадими? Хат-ҳужжатлар қилиш ўзининг қўлида дегани хоҳлаган қарорини ҳали топширилмаган, эгаси бор ерга ҳам чиқаравериш мумкин, деганими? «Ўзагрокимёҳимоя»га минерал ўғитларни ўз вақтида етказиб бермагани учун жавобгарлик назарда тутилмайдими? Бу ташкилот наҳот шунчалар масъулиятсизлик билан ишласа?

Шу ва шундай саволлар бошимизда айланаётган пайтда Германия канцлери Отто фон Бисмаркнинг бир гапи ёдимизга тушди: «Ёмон қонунлар чиқарилган бўлса ҳам, яхши амалдорлар бўлса мамлакат тўғри бошқарилиши мумкин. Аммо, амалдор ёмон бўлса, мукаммал қонунлар ҳам ёрдам беролмайди».

Баҳодир Аҳмедов – мухбир

Муҳаммаджон Ғаниев - тасвирчи

Мавзуга оид