Ўзбекистон | 13:09 / 13.05.2019
10351
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда бирданига 2та ДХМ биноси очилди

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Давлат хизматлари агентлиги директори Халилилло Тўрахўжаев Сурхондарё вилояти Музработ ва Олтинсой туманлари янги замонавий Давлат хизматлари марказлари очилиш маросимида иштирок этди.

Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши биланоқ унинг таркибига кирувчи Марказларда фуқароларга хизмат кўрсатиш стандартларига юқори талаблар белгиланган. Шу боис, мазкур Марказлар қисқа фурсатда ўзларини бир том остида энг керакли давлат хизматларини қулай ва ортиқча вақт ва пул сарфламасдан олиш мумкин бўлган уникал майдонча сифатида танитди. Фойдаланишга топширилган Музработ ва Олтинсой туманлари Давлат хизматлари марказлари бунинг исботи.

Марказлар қурувчи ва архитекторлари халқ кирадиган жой кўркам, барча қулайликларга эга бўлиши лозимлигини инобатга олган. Шу боис, интерьер ечими ҳам хизмат олувчиларга яхши кайфият бағишлайди.

Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизматини олишингиз учун қадамма-қадам йўналтиради. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб, кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашишингиз мумкин. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.

Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, она ва бола, тиббиёт хоналари ҳамда кафе мавжуд. Бундан ташқари, мамлакат раҳбари томонидан илгари сурилган — фуқароларнинг китобхонлик маданиятини ошириш каби ташаббус ҳам бу ерда мужассам. Музработ тумани ДХМ биносида ўзбек ва жаҳон адабиёт дурдоналари намуналаридан иборат кутубхона ўрин олган.

Ушбу бинодан фуқаролар одатий давлат хизматларидан ташқари нотариус ва ФҲДЁ органлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имкониятига эга. 

Фуқаролар қулайлиги учун бинода бир эмас иккита банк кассаси фаолият юритиши йўлга қўйилган.

Ташриф буюрувчилар бепул WiFi'дан фойдаланиш имконига эга.

Имкониятлари чекланган шахслар учун тегишли пандус ўрнатилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога — алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.

Мавзуга оид