АПЛ якунлари. Юпатувчи бутсалар, Азарнинг сўнгги «қўшиғи», бразилча рақобат ва бошқалар ҳақида
Англияда навбатдаги мавсум якунланди. Ўн йилдан бери биринчи марта амалдаги чемпион ўз совринини сақлаб қолишнинг уддасидан чиқди. Тарихда биринчи марта 97 очко олган жамоа якунда чемпионлик нашидасини сура олмади. Келинг, бу йилги чемпионатда энг муҳим ролларда бўлган футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
ТЎПУРАРЛАР
Биратўла уч нафар африкалик футболчи – сенегаллик Садио Мане, мисрлик Муҳаммад Салоҳ ва габонлик Пьер-Эмерик Обамеянг 22тадан гол уриб, Англия Премьер Лигаси «Олтин бутса»сини қўлга киритишди. Агар голли пасларни ҳам қўшиб ҳисобласа, Салоҳнинг кўрсаткичлари юқорироқ, аммо Мане бирорта голини пенальтидан урмаган. Аммо лига ҳар учала футболчига ҳам соврин топширди.
Бу соврин Муҳаммад Салоҳ учун қаторасига иккинчиси ҳисобланади. У ўтган йили ҳам ҳаммадан кўп гол урганди. Шунингдек, мисрлик ҳужумчи ушбу совринни биттадан кўп қўлга киритган еттинчи футболчи бўлди. Бу борада Тьерри Анри пешқадам – у жами тўрт марта бу унвонга эга бўлган. Клублар бўйича ҳам «Арсенал» етакчиликни сақлаб қолди – олтинчи марта «канонирлар» ҳужумчиси бир мавсумда энг кўп гол уришнинг уддасидан чиқди.
Яна африкаликлар мавзусига келсак, Салоҳгача фақат Дидье Дрогба АПЛда тўпурар бўлган африкалик бўлганди. Энди бундай футболчилар 4 нафар. Дарвоқе, Дрогба ҳам икки мавсумда энг яхши голеадор бўлганди.
Кейинги ўринларни Серхио Агуэро (21 гол), Жейми Варди (18) ва Ҳарри Кейн (17) банд этишди. Агуэро 2012 йилдан бери АПЛнинг энг барқарор ҳужумчиси ҳисобланади ва ҳар доим бу пойгада қатнашиб келади. Аммо фақат бир марта унга бу соврин насиб этган, холос. Қизиғи, Агуэро «Манчестер Сити» чемпион бўлган 4 мавсумда эмас, клуби бош совринни юта олмаган 2015 йилда бомбардир бўлганди. Умуман, бу статистика ҳам қизиқ – 2013 йилдан бери (Робин ван Перси, «Манчестер Юнайтед») Англия чемпиони футболчиси «Олтин Бутса» ютмаган.
Серхио Агуэро бошқа бир кўрсаткич бўйича мавсумнинг энг яхши ҳужумчиси саналар экан. Унга бир голни уриш учун ўртача 118 дақиқа кифоя қилган. Кейинги натижа Пьер-Эмерик Обемеянгга тегишли – 124. Мане ҳар бир гол учун 140 дақиқа сарфлаган.
ГОЛЛИ ПАСЛАР
Агар футболда ҳам, худди ҳоккейдагидек, «гол+пас» ўлчовида ҳисобланганда, «Олтин бутса» юқорида номи тилга олинган уч футболчига эмас, Эден Азарга насиб этган бўларди. Икки бутсанинг харажати ҳам ёнга қоларди лига учун.
«Челси» ҳужумчиси 15 марта шерикларининг гол уришига кўмаклашиб, 16 марта ўзи рақиб дарвозасини ишғол қилган. Умумий ҳисобда 31 голда бевосита қатнашган. Муҳаммад Салоҳ ҳисобида 8та ассист бор ва голлари билан қўшганда, 30 очко бўлади. Бошқа ҳужумчиларники янада пастроқ.
Бу Азарнинг ягона устунлиги эмас. Эден ҳар ўйинда олган ўртача рейтинг баҳоси (7.95) бўйича ҳам, шунингдек, ўртача дриблинглар сони (3.37) бўйича ҳам АПЛда энг яхши кўрсаткични қайд этди. Баҳолар бўйича у Агуэро (7.56) ва Манени (7.54) ортда қолдирган бўлса, дриблинглар борасида Уилфрид Заа («Кристал Пэлас») ўртача 3.3 кўрсаткичи билан ва Натан Рэдмонд («Саутҳэмптон» ўртача 2.4 кўрсаткичи билан яқинроқ келишди, холос. Англияда сўнгги мавсумини ўтказган Эден Азар, айтиш мумкинки, ўзининг фаолиятидаги энг яхши ўйинларини намойиш қилди. Парадокс шундаки, шундай яққол натижалар ҳам унинг АПЛ рамзий терма жамоасидан жой олиши учун етарли бўлмади.
Ассистлар ҳақида гап кетганда, «Ливерпуль»нинг қанот футболчиларини тилга олмай иложи йўқ. Трент Александр Арнолд сўнгги турда 2 марта голли пас узатиб, ассистлар умумий сонини 12тага етказди. Бу ҳимоячилар учун рекорд натижадир. Қизиғи, сўнгги тургача, бу борада унинг жамоадоши, нариги қанотда тўп сурадиган Эндрю Робертсон ҳимоячилар ичида пешқадам эди – 10та голли узатма. Демак, «Ливерпуль»нинг икки қаноти биргаликда 22та голга ёрдам беришди. Жамоанинг асосий кучи нимада эканини энди фаҳмлаган бўлсангиз керак?
Шу мавзуга яқинлиги учун келтириб ўтиш лозим – «Кристал Пэлас» вингери Уилфрид Заа 6 марта пенальти ишлашга муваффақ бўлган. Муҳаммад Салоҳни эса беш марта рақиб ҳимоячилари жарима майдонида қўполлик билан тўхтатишга мажбур бўлишган.
АНИҚ ЗАРБАЛАР
Ҳар ўйинда рақиб дарвозасига ўртача энг кўп аниқ зарба берган футболчилар рўйхатида Муҳаммад Салоҳ пешқадам бўлди. У ҳар бир ўйинда ўртача 1.7 марта рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган. Кейинги ўринда «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн – 1.6. Кейн мавсум якунини, шунингдек, қишда ҳам оғир жароҳат олиб, бир неча ойни ўтказиб юборгани панд берди. Агар у соғ бўлиб турганида, балки «Олтин бутса» учун асосий даъвогар бўлар, фаолиятида учинчи марта ушбу совринни ютиб олиши мумкин эди. Учликни «Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Поль Погба ёпади – 1.4 аниқ зарба.
«Арсенал» тўпурари Пьер-Эмерик Обамеянг ҳам ўйинда ўртача 1.1 аниқ зарбани ижро этган. Қизиғи, Обамеянг вазиятлардан фойдалана олмаслик бобида ҳам биринчи ўринда экан. У ҳаммаси бўлиб 23 марта яққол гол уриш имкониятини қўлдан чиқарган. Бу борада «Борнмут» ҳужумчиси Каллум Уилсонда 21, «Манчестер Сити» вакили Габриел Жезузда эса 18та фойдаланилмаган имконият бор. Агар Жезус ушбу мавсумда атиги 7та гол урганини эътиборга олсак, бразилиялик ҳужумчи бир гол уриш учун ўртача 3та қулай имкониятда йўққа чиқарар экан.
Омадсизлик (балки, тажрибасизлик) ҳақида гап кетганида, дарров «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиларига навбат етиб келди. Вазиятларни кўкка совуриш бўйича олтинчи ва еттинчи ўринларни Маркус Рэшфорд ва Ромелу Лукаку банд қилишган. Улар биргаликда 31та қулай вазиятни бой беришган. Натижада «Манчестер Юнайтед» жамоавий ҳисобда вазиятлардан фойдалана олмаслик бўйича 2-ўринда турибди.
Биринчи ўринда табиийки, «Манчестер Сити». Пеп Гвардиола шогирдлари мавсумда энг кўп гол уриб, энг кўп очко тўплаган бўлишса-да, ўйин савияси аслида янада юқори – жамоа ҳаддан ташқари кўп вазият яратади ва табиийки, ундан фойдалана олмайди ҳам. «Шаҳарликлар» 70 марта қулай вазиятни йўққа чиқаришган бўлишса, «Манчестер Юнайтед»да бундай ҳолатлар 61та. Кейинги ўринда «Челси» – 60.
«ОЛТИН ҚЎЛҚОП»
«Ливерпуль» ўтган мавсумда ҳам АПЛда юқори ўринларни олган, ЕЧЛ финалига чиққанди. Аммо якунда дарвозабон панд бергани мунозаралар марказида бўлган – Кариуснинг ЕЧЛ финалидаги қўпол хатолари аслида жамоа муаммосини кўрсатиб берганди. Аслида Англия чемпионатида ҳам «Ливерпуль» жуда сермаҳсул ўйнаса-да, ҳаддан ташқари кўп гол ўтказиб юборган ва балки мана шу туфайли совринлар учун курашиш имконияти бўлмаганди.
Алиссон Бекер ва Виржийл ван Дейкнинг келиши Ливерпулда ҳақиқий ҳимоя қўрғонини яратди. Мерсисайдликлар лигада энг кам гол ўтказиб юборган жамоа бўлишди. «Олтин қўлқоп» ғолиби аниқланадиган ўлчов – қуруқ ўйинлар сони бўйича ҳам жамоа пешқадамлик қилди. Ван Дейк бу мавсумда АПЛнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди. Ростдан ҳам қизиқ, «Ливерпуль» дарвозабони энг зўр, ҳимоячиси энг зўр, тўпурарлар рўйхатида ҳам жамоанинг икки ҳужумчиси пешқадам бўлди. Аммо соврин индивидуал рақобатда футболчилари мағлуб бўлган «Манчестер Сити»га насиб қилди.
«Манчестер Сити» дарвозабони Эдерсон агар, сўнгги турда «Брайтон»дан гол ўтказиб юбормаганда, у ҳам Бекерга шериклик қилиши мумкин эди. «Манчестер Сити» посбони қаторасига иккинчи йилдирки, бу совринга асосий даъвогар бўлиб, бой бериб қўйди. Қизиғи, ўтган мавсумда ҳам «Олтин қўлқоп» 2-ўринни олган жамоа дарвозабонига кетганди. Демак, «Олтин қўлқоп» ҳам қандайдир маънода юпатувчи вазифасини бажарар экан. Худди тўпурарлар соврини сингари.
Парадоксал ҳолат шундаки, «Олтин қўлқоп» учун курашган бу икки дарвозабоннинг бу натижалари кўпроқ ҳимоячиларнинг ўйинига ҳам боғлиқ экан. Қарангки, сейвлар сони бўйича Алиссон ва Эдерсон АПЛда 19 ва 20-ўринларни эгаллаб туришибди. Бошқа тарафдан олганда, балки дарвозабоннинг ишончли ўйинлари туфайли, ҳимоя чизиғи ишонч ва салобат билан ўйнагандир. Нима бўлгандаям, бу икки посбон бу мавсумда АПЛда энг яхши дарвозабонлар бўлишди ва ўзаро рақобат нафақат «Олтин қўлқоп» ёки чемпионлик, балки Бразилия терма жамоаси биринчи рақами учун ҳам давом этса керак.
Ўтган йили «Олтин қўлқоп» эгасига айланган Давид де Хеанинг натижалари эса, бу сафар жуда ёмон бўлди. «Манчестер Юнайтед» мавсумда 54та гол ўтказиб юборди – бу лигада 11-кўрсаткич. Давид де Хеа атиги 7 ўйинда ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олди, холос. АПЛда 10-кўрсаткич. «Олд Траффорд»даги ўйинларнинг атиги иккитасида де Хеа гол ўтказиб юбормади. Нафақат испаниялик посбон, балки бутун «МЮ» учун ҳам антирекорд.
Сейвлар мавзусини давом эттирсак, «Манчестер Сити»нинг собиқ посбони Жо Ҳарт («Бёрнли») етакчилик қилмоқда. У ҳаммаси бўлиб 77 марта рақиблар зарбасини қайтарган. Ҳар ўйинда ўртача 4.1 сейвни амалга оширган. Ўтган йили Ҳарт дарвозасини қўриқлаган «Вест Ҳэм»нинг янги дарвозабони Лукаш Фабиански эса, сейвларнинг умумий сони бўйича тенгсиз - 148та сейв.
ПАРДА ОРТИДА
Голлар, ассистлар, сейвлар – футболнинг муҳим ва якуний палласи, шунинг учун ҳам энг кўп олқишлар ушбу вазиятлар учун кузатилади. Аслида эса, ўша вазиятларни яратадиган пойдевор – ўйинни ташкил қилиш, тўпни эгаллаш, назорат қилиш ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Айнан ўша парда ортидагиларнинг ўйини якуний натижада катта ролга эга. Келинг энди, мана шу футболчиларни ҳам эслаб ўтайлик.
Аниқ паслар бўйича «Манчестер Сити» ҳимоячиси Эмерик Лапорт пешқадам. Унинг ҳисобида ҳар ўйинга ўртача 79,1 аниқ узатма мавжуд. «Челси» ўйинида муҳим фигура саналган Жоржиньода бу кўрсаткич 75,2. Бошқа марказий ҳимоячилар Виржийл ван Дейк (71,7) ва Жон Стоунз (68,7) кейинги ўринларни банд этишди.
Бу ерда ҳам Эден Азар ва Муҳаммад Салоҳни эслаб ўтишга мажбурмиз. Азар ўткир паслар сони бўйича 2-ўринни олди ва фақат «Лестер»нинг ёш ярим ҳимоячиси Жеймс Мэддисондан ортда қолди. Муҳаммад Салоҳ эса, рақиб яриммайдонида яккакурашларда ғолиб чиқиш бўйича АПЛда энг яхши кўрсаткични қайд этибди. У бу борада Натан Рэдмонд ва Нголо Кантени ортда қолдирган.
Умуман, рақибдан тўпни олиб қўйиш бўйича энг яхши кўрсаткич «Эвертон» яримҳимоячиси Идрис Гейеда. Сенегаллик футболчи ҳар ўйинда ўртача 2,7 марта шу тариқа тўпга эга чиққан. Кейинги ўринларни «Кристал Пэлас» ҳимоячиси Аарон Ван-Биссака ва «Лестер» вакили Уилфред Ндиди эгаллашди. Уларнинг кўрсаткичлари – 2,6.
Қаҳрамон Асланов тайёрлади
Мавзуга оид
13:53 / 29.08.2024
Палмердан Мейнугача: АПЛ клубларининг «жавоҳирлар»и
22:07 / 16.08.2024
АПЛда янги мавсум бошланмоқда. Кучли тўртликда ўзгаришлар бўладими?
17:11 / 27.04.2024
АПЛда чемпионлик ва ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш авжига чиқмоқда. Ҳафта ўйинлари анонси
12:22 / 02.01.2024