«Ўрганиб қолсанг, бировнинг ошига, кунда борарсан анинг қошига», деганларидек, пул, мол-дунё орттиришга ружу қўйган одам борган сари инсоф-иймонини йўқотиб, ўз фойдаси йўлида ҳар қандай тубанликдан ҳам тоймайди. Дарҳақиқат, порахўрлик, таъмагирлик ва коррупция жамият тараққиётига ғов бўлувчи, давлат манфаатларига мутлақо зид иллат экани борасида ортиқча изоҳга ҳожат бўлмаса-да, ён-атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар бу ҳақда яна бир бор фикр юритишга мажбур қилмоқда.

Пул берсанг, ажраштираман

Ўтмишда порахўрлик, яъни коррупция бўлмаган десак, янглишамиз. Албатта, бу иллат инсоният танасига асосан «нафс» қиёфасида зулукдек ёпишиб, давлат асосларини емириб, жамият тараққиётига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Сўнгги пайтларда айрим амалдорларнинг порахўрлиги билан боғлиқ ҳолатлар ҳали олдимизда турган ишлар юкини белгилаб бермоқда. Зеро, жамиятда бир нафар бўлса-да, порахўр ёхуд коррупция қулига айланган амалдорнинг чиқиши халқнинг давлат ва раҳбарларга бўлган ишончига жиддий путур етказади. Боз устига, ўша бебурд амалдор Ўзбекистон Республикаси номидан қарор қабул қиладиган судья бўлса-чи?! Бундан мудҳиш манзара бўлмаса керак. Ахир айтишади-ю, «Қози муттаҳам бўлса, додингни кимга айтасан», деб... Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг таъмагирлик қилиши, ҳузурига адолат истаб келган инсоннинг «қўлига қараши» нафақат ўша адолат посбонининг номига, балки бутун бошли идора обрўсига, ҳамкасбларининг нуфузига ҳам путур етказади.

Жорий йил январь ойида жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида ана шундай қинғирликка қўл урган судья ва унинг ёрдамчисига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судья­си А.М. даъвогар А.З.нинг жавобгар Б.Р.га нисбатан никоҳни бекор қилиш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича уларга ўзаро ярашишлари учун 3 ой муддат бериш тўғрисида ажрим чиқаради. Ке­йин эса ёрдамчиси Д.Ж. орқали А.З.га шарт қўяди. Яъни агар 500 АҚШ доллари бермаса, 3 ойлик муддат ўтгандан сўнг даъво аризасини рад қилишини айтиб, даъвогарни пора беришга мажбур қилади.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтгач, А.З. судья ёрдамчиси Д.Ж. билан боғланиб, учрашув белгилайди. Д.Ж. айтилган жойга келгач, «Судья айтган 500 АҚШ доллари», дея унга пулни узатади. Судья ёрдамчиси пулни олиб, машинадан тушган вақтда қўлга олинади. Шундан сўнг у топширган ариза юзасидан тадбир давом эттирилади ва А.М. хизмат хонасида ёрдамчисидан 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланади.

Суд томонидан А.М.га 3 йил мансабдорлик лавозимларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилинган ҳолда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Д.Ж.га эса 2 йил мансабдорлик лавозимларида, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.