Жаҳон | 22:51 / 15.05.2019
14835
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси бошлиғи истеъфога чиқди

Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси бошлиғи Идрис Қодирқулов истеъфога чиқишга ариза берди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Қодирқуловнинг таъкидлашича, ОАВда ва жамоатчиликда қўмита гўёки Давлат рўйхатга олиш хизмати томонидан биометрик паспортлар бланкаларининг харид қилиниши бўйича материалларни нохолис кўриб чиқаётгани ва бу ишнинг бир томонлама ҳал қилинишидан манфатдорлиги муҳокама қилинмоқда.

Қўмита бошлиғи шу вазиятни инобатга олиб, истеъфога чиқишга қарор қилган.

Қирғизистон президенти матбуот хизматида давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков Қодирқуловнинг истеъфосини қабул қилгани маълум қилинган. У бу лавозимда бир йилдан сал кўпроқ ишлаган.   

Аввалроқ қўмита суд қарорига кўра Давлат рўйхатга олиш хизмати раиси ўринбосари Руслан Сарибаев, статс-котиб Данияр Бакчиев ва “Инфоком” корхонаси директори Талант Абдуллаевни ҳибсга олган. Тергов маълумотларига кўра, Абдуллаев Литванинг “Гарсу пасаулис” вакили билан Олмаотадаги ресторанда учрашган.

Литва компанияси янги авлоддаги биометрик паспорт бланкаларини етказиб бериш бўйича тендерни ютган. Бироқ қўмита маълумотларига кўра, Литва компанияси таклифи нарх бўйича энг пасти бўлмаган. Давлат рўйхатга олиш хизматида таъкидланишича, компания билан шартнома тузилмаган.

Шундан кейин Литва компанияси Қирғизистон Давлат рўйхатга олиш хизмати раҳбарияти билан боғлиқлигини рад этган баёнотни тарқатган. Компанияда ҳам Қирғизистонда, ҳам халқаро арбитраж судида ўз шаънини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилиши эълон қилинган.    

Мавзуга оид