Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда олти йилдан буён Ҳажни кутаётган онахон: нега у маҳалладаги навбатдан қолиб кетмоқда?
Ҳаж — Ислом динидаги 5 фарздан биридир. Бизда асосан пири-бадавлат қарияларимиз Саудия Арабистонига ҳаж сафарини амалга оширишни кутиб яшашади.
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистондан ҳар йили 5,2 минг ҳожи муборак ҳаж сафарини амалга оширган бўлса, энди бундай бахтли инсонлар сони 7,2 мингга етди.
Бу — Ўзбекистондаги талабни қондира оладими? Асло йўқ. Бу атайин навбат ҳосил қилиш, аллакимлар мана шу муқаддас зиёрат орқасидан ҳам мўмай даромад қилиш учун ўйлаб топилган чорага ўхшаб кетади кўпроқ. Чунки, Саудия Арабистони Ўзбекистон учун йилига 30 минг квота ажратади.
Ўтган йилларда бошқа кўп соҳаларда монополия ва ўзини оқламаган «чекланган квоталар» ортидан сунъий навбатлар ҳосил қилиниб, коррупция аталмиш балонинг илдизига сув қуйилганига кўп гувоҳ бўлдик. Не бахтки, айрим масъулларимиз ибодат иши бўлган мазкур соҳада ҳам бу жирканч усулдан фойдаланишдан уялишмаяпти. Бундай «сунъий навбат»лар ортидан ҳаж зиёратини амалга оширолмасдан оламдан ўтиб кетаётганлар қанча?..
Ёки пора эвазига ҳажга бораётганларни эшитиб турамиз. Айниқса, нопок жиноятчилар ҳаром пуллари эвазига ҳажга бораётганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Нон ўртасига қорадори жойлаб, Самарқанд аэропортида қўлга тушган ургутлик ҳожини эсланг.
Аслида, Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил қилиш бошқа давлатлардагидек туроператорларга ўтказилса олам гулистон — хоҳлаган одам пулини тўлаб, истаган вақтида Умрага ёки Ҳажга бораверади. Соҳага бозор механизмлари ва рақобат кириб келади, сифат ошади — нархлар ҳам тушади.
Бироқ ҳукумат фармойишида бу борада ишлар бошланиши кераклиги айтилган бўлса-да, таклифлар ишлаб чиқиш пайсалга солинмоқда, ташкилотчилик учун масъулият эса ҳамон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тасарруфида қолмоқда. Кимнинг ҳам «тилла тухум туғадиган товуқ»ни бўғизлагиси келади, ахир?!
«Ҳаж зиёратига бориш учун талабгорлар жуда кўплиги, навбатлар узунлигини тан олишимиз керак. Лекин Ҳаж, Умра каби муқаддас зиёратларга пора аралаштиришнинг ўзи абсурд, кимдир шундай йўл билан боришга ҳаракат қилиши катта гуноҳ», — деган эди Kun.uz билан суҳбатда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан.
Айни пайтда Ҳаж сафарига борувчи фуқароларни саралаб олиш ва рўйхатга тиркаш борасида жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинига катта ваколат берилган. Бу қандайдир маънода тўғри, лекин раисларнинг ҳаммаси бу ишга виждонан ёндашишмоқдами?
Келинг, аввал бу борадаги ишлар қай йўсинда амалга оширилиши кераклиги ҳақидаги тартиб билан танишайлик.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги №364-сонли «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тартибга солинади. Мазкур қарорнинг иловасига кўра, «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори 2017 йил 28 декабрдаги №1031-сонли қарори билан юқоридаги низомга ўзгартиришлар киритилган.
Низомнинг 14-1 бандига кўра, «Ҳаж» тадбирига боришга номзодларни маҳалла фуқаролар йиғини миқёсида саралаб олиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман/шаҳар ҳокими томонидан 7 кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ таркибига, туман бош имоми, маҳаллага бириктирилган имом, маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, профилактика инспектори, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси вакиллари киритилади.
«Ҳаж» тадбирига боришга номзодлар навбатга қўйилишидан аввал ушбу Низомнинг 28-2-бандида назарда тутилган талаблар асосида ишчи гуруҳ томонидан суҳбатдан ўтказилади ва сараланади.
Бунинг учун фуқаролар йиғини раиси томонидан номзодларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилади. Номзодларга улар суҳбатдан ўтказиш ва саралаш учун рўйхатга қўшилгани ҳамда суҳбатдан ўтказиш санаси ва жойи тўғрисида фуқаролар йиғини раиси томонидан хабар берилади.
Ишчи гуруҳ ҳар ойнинг 5 санасидан кеч бўлмаган муддатда шаклланган рўйхат асосида «Ҳаж» тадбирига борадиган зиёратчи сифатида навбатга қўйиш учун номзодларни суҳбатдан ўтказади ва саралайди.
28-2 бандга кўра «Ҳаж» тадбирига боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
· моддий ва жисмоний жиҳатдан «Ҳаж» тадбирига қодир бўлиши;
· «Ҳаж» амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;
· маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;
· оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;
· йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши;
Ҳикоямиз қаҳрамони — 1954 йилда таваллуд топган, бир умр ўқитувчилик қилган пенсионер онахон М.Х. 2013 йил 3 май куни ҳажга бориш учун ариза топширади ва Самарқанд шаҳридаги «Сўғдиёна» МФЙ журналида бу қайд этилади.

Уч йил унинг навбати келмайди. 2016 йилда ушбу маҳалла фуқаролари йиғинига Илҳом Бегимов раис бўлади ва у 2015 йилда рўйхатга киритилган фуқаро — 2017 йилда, 2016 йилда рўйхатга киритилган фуқаро — 2018 йилда ҳаж сафарига боришини таъминлайди.

М.Х. бизга мурожаат қилгач, ушбу ҳолатни суриштириш учун «Сўғдиёна» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.
Қайд этиб ўтиш лозимки, маҳалла фуқаролари йиғинини топиб олиш жуда осон кечди. Пешлавҳа жуда аниқ қилиб ўрнатилган, ҳаммаёқ «ораста», ишлар жуда тартибли йўлга қўйилган.


Илҳом Бегимовга мақсадни билдирганимда, хизмат гувоҳномасини кўрсатишимни сўради ва негадир «Сизлар «Озодлик» радиосига ўхшаш ташкилот эмасми, Ўзбекистонда ишлашга ҳақларинг борми?» дея қўшиб қўйди. Расмий гувоҳномага эга онлайн нашр мухбири эканимни тушунтиришга тўғри келди.
Савол-жавобга ўтдик. И.Бегимов 2016 йил майдан бошлаб маҳаллага раислик қилмоқда. Ҳарбий хизматчи бўлган, айни пайтда нафақада. 2010 йилдан буён шу маҳаллада истиқомат қилади.
— Фуқаро М.Х. 2013 йил рўйхатга киритилгани билан 2016 йилгача маҳалладан ҳеч ким ҳажга кета олмаган. Чунки бу битта маҳалла билан боғлиқ эмас: шаҳар ва вилоятдаги диний идоралар қошидаги комиссия ҳал қилади. Менгача нима ишлар бўлгани менга қоронғу. Менинг давримга келиб, у кишининг оиласида нотинчлик юзага келди. Ўғилларидан бири хотини билан ажрашмоқчи бўлди. Маҳалла-кўй аралашиб яраштириб қўйди, лекин узоққа чўзилмади. Шунинг учун маҳалладан М.Х. опага тавсия берилмади, — деди И.Бегимов.
— Унда нега маҳаллада ўрнак бўлиши мумкин, шу ерда доимий истиқомат қиладиган кишилар эмас, бу ерда пропискада турган, аслида бошқа жойда истиқомат қиладиган кишилар жўнатилди? Ахир уларнинг оиласида нималар бўлаётганидан бу маҳалла аҳли хабарсиз-ку?
И.Бегимов бу саволга жавоб беришдан қочди ва шу ерда Президент Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқидан мисол келтирди.
— Президент бундан буёғига ҳажга ҳеч қандай рўйхат бўлмайди, ким фаол бўлса, адашганларни йўлдан қайтарса, маҳаллада жамоатчилик ўртасида ўрни бўлса ўшалар боради, деган.
Президент ўшанда нима деган эди?
«Ҳажга борадиган одамларнинг рўйхати энди бўлмайди. Мана, мен яна 2 мингта қўшиб бердим. Керак бўлса мингтасини бу йил юбораман. Кимни юбораман? Ўзининг маҳалласидаги масжидга кириб, Қуръондан икки сурани бемалол ўқиб бериб, шу маҳалладаги адашганни тўғри йўлга бошқаришни ўз зиммамга оламан, менинг ибодатим, шукроналигим шу бўлади, деган одам биринчи бўлиб кетади», — деган эди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгра И.Бегимов М.Х.нинг оиласи нотинч фарзандининг аёли томонидан маҳаллага ёзган аризасини тақдим этди. У хатда келини 2018 йилдан бошлаб турмуши бузилаётганида қайнонасини айблаган. Яқинда фарзандли бўлгани ва эри хабар олмасдан, бошқа аёлга шаръий никоҳда уйланиб олганини баён этган.
Ниҳоят, И.Бегимовга кўра, бундай оиладаги қўйди-чиқдиларни тинчитмасдан, онахонга ҳажга йўлланма бериш — белгиланган тартибга зид. Бу ҳақда маҳалла фуқаролари йиғинида йиғилиш ўтказилган ва М.Х.га ҳам унинг баёни тақдим этилган экан.
Лекин оилада можаролар 2018 йилдан бошланган. Унгача-чи? Ҳикоямиз қаҳрамони 2013 йилдан буён ҳажга боришини кутади-ку ахир?
Қолаверса, маҳалла оқсоқоли фуқаронинг келини ёзган аризани асос қилиб олиб, фарз амални бажаришга илҳақ бўлган фуқарони бу умидларидан мосуво қилмоқда. Ваҳоланки, амалдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талабига мувофиқ ушбу ариза белгиланган тартибда ўрганилиши, ундаги важларнинг ҳақиқатга қанчалик мос келиши аниқланиши ва якунда фуқарога ёзма равишда жавоб хати берилиши лозим эмасми... Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бу ишлар бажарилмаган.
2018 йилда оилавий можаролар бошланган бўлса, 2019 йил 22 апрелга келиб — М.Х. ҳаждан қолиб кетгач, суриштирув ва текшир-текширлар бошлангач, келиннинг айнан қайнонаси устидан ариза ёзгани ҳам шубҳали.
Биринчидан, ушбу хатга асосан маҳаллақўм оилани яраштириб қўя олмаслиги аниқ — яраштираман деган одам аризасиз ҳам яраштиради, бинобарин, ариза ҳаж билан боғлиқ ўз қилмишларини хаспўшлаш учунгина ёздирилгандек. Иккинчидан, фақат бошқа бу оилада бирга яшаш ниятида бўлмаган аёлгина бу ишни қилади.
М.Х.нинг ўғиллари ичмайдиган, чекмайдиган, намозхон йигитлар эканлиги, аслида бу нарса риё саналса-да, улар шаҳардаги масжидларда қилган хайриялари ҳақида ҳужжат тўплаб юришгани, М.Х.нинг ўзи ҳам ўғиллари бошчилигида туғилиб-ўсган жойи — Яккабоғ туманида бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшгани эътибордан четда қолмоқда.


Маҳалла фуқаролари йиғини раиси И.Бегимов оиладаги айнан ажрашиш фактига ёпишиб олди. Аввало, оила — кўнгил иши. Бу оила бузилаётганига М.Х.нинг қай даражада алоқаси борлиги маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ўрганилиши лозим эмасмиди?..
Хуллас, «Сўғдиёна»да ғалати ишлар бўляпти. Сизга воқеани бор-бўйича, ҳеч нарсани қолдирмасдан ва яширмасдан баён этдик. Ким ҳақ-у ким ноҳақлиги борасида хулоса чиқариш ўзингиздан.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири
P.S. Онахон М.Х.га эса шундай маслаҳат берамиз: Ҳажга жўнатиш квоталигича қолаверса ва И.Бегимов бу ерда маҳаллақўм бўлиб турса сизни ҳеч қачон ҳажга жўнатмайди. Бу — аниқ! Шунинг учун номига бошқа маҳаллага пропискага ўтинг-да, ўша ердан ҳажга кетиш учун ариза топширинг. Чунки, маҳаллангиздан бир эмас, икки киши шу «усул»ни қўллаб, ҳожи бўлиб келган.
Мавзуга оид
23:04 / 13.06.2026
Самарқандда Россияда ишлашни режалаштираётган фуқаролар учун тест маркази очилади
10:50 / 12.06.2026
Самарқанднинг олис туманларига инвестициялар жалб этилади
17:46 / 10.06.2026
Самарқанд туманлари қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатига ихтисослашган ҳудуд сифатида ривожлантирилади
17:45 / 05.06.2026